Жорий йилнинг 28 октябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Буюк Британия тажрибаси мисолида «Номаълум манбалардан олинган бойлик ва активларни қайтариш» мавзусида онлайн вебинар ўтказилди.
Вебинар инглиз экспертлари Лари Дай, Фиона Жаксон, Жилл Томаслар томонидан олиб борилди. Унда, коррупция натижасида чет элларга чиқиб кетган активларни қайтариш учун номаълум манбалардан олинган бойликларни аниқлаш ва қайтариш бўйича қонунчиликни қўллаш масалаларида Буюк Британия амалёти мавзусидаги маърузалар тингланди.
Шунингдек, вебинар давомида келиб чиқиши номаълум бўлган бойликларга нисбатан ордер қўллаш, халқаро муносабатларга даҳлдор бўлган, музлатилган активларга арест қўллаш, мусодара қилиш, активларни қайтариш, молиявий тезкор ахборотни ишлаш учун очиқ маълумотлар ахбороти билан ишлаш, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга қаратилган сўровларни тайёрлаш ва сўровларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар, айблов ҳукмисиз мол-мулк мусодараси масалалари тўғрисида Буюк Британия тажрибаси тўғрисида маълумот берилди.
Вебинарда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Бош прокуратура академияси, Афғонистон Ислом республикаси Бош прокуратурасининг тегишли бошқармалари вакиллари иштирок этишди.
Мулоқот якунида коррупцияга қарши курашиш масаласида давлатлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиниш, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти доирасида амалга ошириладиган ишлар бўйича келишиб олинди.