2020 йил 23 ноябрь куни Ўзбекистон ва Франция Коррупцияга қарши курашиш агентликлари вакиллари ўртасида онлайн шаклда тажриба алмашинилди.
Онлайн учрашувда мамлакатимиздан Бизнес-омбудсман, Бош прокуратура Академияси ва Савдо-саноат палатаси вакиллари иштирок этдилар.
Учрашув мобайнида Ўзбекистон ва Франция Коррупцияга қарши курашиш агентликлари ўз агентликлари ташкил этилиши ва фаолияти тўғрисида маълумот тақдим этдилар. Фаолиятларидаги муваффақият ва муаммолар, амалга оширилаётган ва режалаштирилган, шу жумладан хусусий сектордаги вазифалар билан ўртоқлашдилар.
Хусусан, Франция Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Изадора Зубек француз агентлиги 2016 йилда ташкил этилгани, ҳозирги пайтда икки йўналишда фаолият олиб бораётгани, булар консультатив ва назорат миссиялар эканлигини айтиб ўтди. Консультатив миссия коррупцияни аниқлаш ва унинг олдини олиш мақсадида илғор тажрибани ўрганиш, маълумотларни йиғиш ва стратегик таҳлилни назарда тутади. Назорат функцияси корхоналар томонидан чора ва мувофиқлик тартибларига риоя этилишини назорат қилиш йўли билан амалга оширилади.
Учрашув якуни бўйича икки давлат вакиллари коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари тўғрисида келишиб олдилар.