Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб ҳудудлар ва давлат органлари раҳбарларининг коррупция ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича шахсий жавобгарлигини баҳолаш рейтинг натижалари эълон қилиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда давлат органлари, корхоналар ва ҳудудлар учун коррупция ва яширин иқтисодиёт рейтингини (кейинги ўринларда рейтинг) ишлаб ҳисоблаш методологиясини чиқди.
Рейтинг мамлакатда коррупция ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришларни ва ислоҳотларни объектив баҳолаш мақсадида юритилмоқда.
2021 йилдан бошлаб барча раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги асосида баҳолаш рейтинг натижаларини ҳар йили эълон қилиш йўлга қўйилади.
Рейтинг доирасида, хусусан, республиканинг барча ҳудудларда аҳоли, тадбиркорлар ва давлат хизматчилари ўртасида аноним сўров ўтказилади.
Марказ эксперти Бахтишод Ҳамидов ишлаб чиқилган рейтингнинг долзарблиги ва методологиясини қуйидагича изоҳлади:
- Ўзбекистон учун шу пайтгача коррупция муаммоларини аниқлаш бўйича кўплаб тадқиқотлар ўтказилган. Бироқ улар асосан республика даражасида амалга оширилган. Секторлар ёки ҳудудлар кесимида ўтказилган баҳолашлар эса, бир марталик бўлиб, муаммони вақт бўйлаб кузатиш имконини бермайди.
Бундан ташқари, ислоҳотлар жараёни айрим секторларда ва ҳудудларда коррупция даражасини аниқлашни талаб қилади, чунки коррупция кўрилаётган чоралар самарасизлигининг асосий омили ҳисобланади. Шунинг учун, кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширишдан олдин, бу сектор/ҳудудда коррупция муаммоси қанчалик жиддий, деган саволни бериш ўринли.
Жаҳон амалиётида ушбу саволга аниқроқ жавоб олиш учун коррупция даражасини баҳолашнинг кўплаб усуллари қўлланилади. Бундай усулларнинг кўплиги коррупция муаммосининг ёпиқлиги ва мураккаблиги билан боғлиқ. Шу билан бирга, турли хил ўлчов усулларидан фойдаланиш янада кенг кўламли натижаларга эришиш имконини беради.
Шунингдек, усулларнинг самарали комбинацияси сектор ва ҳудудларда ислоҳотлар жараёнини тўғри шакллантириш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва баҳолашга ёрдам беради.
Ўткир Номозбоев, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходими:
- Бугунги кунда мамлакатда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиёт даражасини камайтириш бўйича комплекс чоралар кўрилмоқда. Хусусан, валюта бозори эркинлаштирилди, янги солиқ тизими жорий этилди, 100 га яқин рухсат бериш ва лицензиялаш қоидалари қисқартирилди. Бунинг натижасида охирги 5 йилда саноатда норасмий сектор улуши 20 фоиздан 6 фоизга тушди.
Ўзбекистонда яширин иқтисодиётни яқин 5 йилда 2 баробарга қисқартириш бўйича вазифалар белгиланди. Бунинг учун, албатта, аниқ чора-тадбирлар зарур. Ана шундай механизмлардан бири бу — раҳбар кадрларнинг коррупция ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича шахсий масъулиятини ошириш ҳисобланади.
Шу мақсадда келгуси йилдан бошлаб Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан мустақил жамоат ташкилотларини жалб қилган ҳолда ҳудудлар ва барча давлат органларидаги яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар мунтазам ўрганиб борилади. Якунда биз қайси давлат органи, корхона ва ҳудуддаги ҳолат қандайлигини кенг жамоатчиликка эълон қилишимиз мумкин бўлади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
жамоатчилик билан алоқалар хизмати
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан
ҳамкорликда тайёрланди.