Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда Норматив-ҳуқуқий хужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 28-моддасига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилган.
28-модданинг номи «Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг, шунингдек яқин қариндошларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси ва шахсига оид маълумотларнинг сир сақланиши» деб номланмоқда.
28-модданинг биринчи қисмига коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг шахси сир сақланиши ҳамда ўзи ва яқин қариндошларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланишини белгиловчи нормалар киритилмоқда. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар тўғрисидаги маълумотлар давлат сирини ташкил этиб, уларни ошкор этиш қонунга мувофиқ тақиқланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда моддий ёҳуд бошқача тарзда рағбатлантирилиши тўғрисидаги норма киритилмоқда.
Корея Республикаси, Латвия, Россия, Руминия, Арманистон, қонунчилик амалиётини ўрганиш шуни кўрсатдики, бугунги кунда мазкур мамлакатларда ҳам коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларнинг шахси сир сақланиши, давлат томонидан муҳофаза этилиши ҳамда коррупцияга қарши курашишда кўмаклашганлиги учун рағбатлантириш бўйича тегишли нормалар белгиланган.
Қонун лойиҳаси муҳокамаси 2021 йил 8 январга қадар давом этади.