Ассалому алайкум, бугунги брифинг давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳудудларда давлат харидларига оид ўтказилган ўрганишлар натижалари ҳамда Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятига оид маълумотларга тўхталиб ўтаман.
Агентлик томонидан Наманган, Хоразм, Навоий вилоятларида давлат буюрмачилари томонидан амалга оширилган давлат харидлари билан боғлиқ ҳолатлар ўрганиб чиқилди.
Хусусан, Наманган вилоят ҳокимлиги Инжиниринг компанияси буюртмачилигида «tender.mc.uz» махсус ахборот порталида жойлаштирилган умумий қиймати 4,7 млрд сўмлик 3 та соғлиқни сақлаш муассасалари ўрганилганда, тендер ғолиблари белгиланмасдан туриб, қурилиш ишлари бошлаб юборилганлиги аниқланди.
Хусусан, Наманган шаҳар 9-сон оилавий поликлиникасини мукаммал таъмирлаш бўйича буюртмачи томонидан 2021 йилнинг 3 август куни “Шаффоф қурилиш” электрон платформасида 2 млрд сўмлик эълон берилган.
2021 йил 10 август куни ушбу лот бўйича лойиҳа – смета ҳужжатларида бажарилиши кўзда тутилаётган иш ҳажми жойига чиқиб ўрганилганида, поликлиника биносида мукаммал таъмирлаш ишлари “Barkamol qurilish ta’mir servis” МЧЖ томонидан бошланиб, иш ҳажми қисман бажарилганлиги маълум бўлди.
Ушбу ҳолат юзасидан бажарилган ишлар бўйича ҳисоб-варақа, шартнома ва тендер ҳужжатларини тақдим қилиш сўралганида, уларнинг умуман юритилмаганлиги, оғзаки келишув асосида пудратчи қурилиш ташкилоти пудрат ишларига жалб қилинганлиги, қурилиш ташкилоти томонидан бажарилган ишлар бўйича ҳисоб-варақалар бухгалтерияда умуман ҳисобга олинмаганлиги маълум бўлди.
Хоразм вилоятида 8 та ҳолатда жами 3,7 млрд сўмлик қурилиш ва жорий таъмирлаш ишлари (мазкур объектларнинг 5 таси Туризм ва спорт (2,6 млрд сўм), 2 таси Мактабгача таълим (680 млн сўм) ва 1 таси Халқ таълими (490 млн сўм) вазирликларининг қуйи тизимлари ҳиссасига тўғри келади. «dxarid.uz» махсус ахборот портали бўйича эълоналар “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларига зид равишда жойлаштирилганлиги аниқланди.
Хусусан, Янгиариқ туманидаги 10-сон МТТ (Мактабгача таълим ташкилоти)нинг жорий таъмирлаш ишлари учун 2 та ҳолатда жами 680 млн сўмлик ва Урганч туманидаги 39-сон мактабда 490 млн сўмлик эълонлар бўйича сметада пул маблағлари режалаштирилмасдан таъмирлаш ишлари бошлаб юборилганлиги маълум бўлди.
Навоий вилоятида буюртмачилар томонидан 5 та ҳолатда умумий қиймати 1,8 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари танлов (тендер) савдолари ўтказилмасдан, пудрат шартномалари тузилмасдан бажарилганлиги аниқланди.
Хусусан, “Ягона буюртмачи хизмати” ИК буюртмачилигида соғлиқни сақлаш соҳасига 2 та (620 млн сўмлик), халқ таълими (600 млн сўмлик), маданият соҳалари (487 млн сўмлик) ҳамда давлат хизматлари марказига (125 млн сўмлик) 1 тадан объектлар тўғри келади.
Мисол учун: Навоий вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК томонидан РШТЁИМ Навоий филиалида “Кислород станциясини” қуриш бўйича “tender.mc.uz” сайтига 2021 йил 17 июлда бошланғич бахоси 364 560 153 сўм бўлган эълон жойлаштирилган.
Тендер комиссиясининг 2021 йил 29 июлдаги 3692-сонли якуний баҳолаш баённомасига асосан “TAYANCH QURILISH SERVIS” МЧЖ танлов ғолиби деб топилган ҳамда буюртмачи ва жамият ўртасида 328 136 000 сўмлик пудрат шартномаси имзоланган.
Агентлик томонидан қурилиш объекти жойига чиқиб ўрганилганида, “Кислород станциясини” қуриш ишлари танлов савдолари ўтказилмасдан, пудрат шартномаси тузилмасдан 2021 йил март ойида бошланиб, 2021 йил июнь ойида далолатнома асосида тўлиқ фойдаланишга топширилганлиги ва ҳозирги кунда станция ишчи ҳолатда эканлиги аниқланган.
Юқорида кўрсатилган ҳолатларда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилганлиги қайд этилган бўлиб, масъул шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1758 –моддаси ва бошқа моддалари билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди. Шунингдек, айрим ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”)ни босқичма-босқич жорий этиш вазифаси юклатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган.
Мазкур вазифалар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида, тузилмасида коррупцияга қарши ички назорат тизими жорий этилиши лозим бўлган 100 дан ортиқ вазирлик ва идораларда, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилди.
Ҳозирда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ташкил этилаётган вазирлик ва идораларга ҳамда ҳокимликларга тузилма фаолиятини самарали ташкил этиш, уларни зарурий маълумотлар билан таъминлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилиб, тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида, Агентлик директорининг 2021 йил 6 сентябрдаги буйруғи билан “Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди ва давлат рўйхатидан ўтказилди.
Айтиш жоизки, мазкур Низом бугунги кунда ички назорат тузилмалари фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим ҳуқуқий асос ва қўлланма вазифасини бажармоқда.
Шунингдек, Агентлик масъул ходимлари Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари раҳбар лавозимларига ишга қабул қилиш бўйича ўтказиладиган очиқ танловларда иштирок этиб, жараёнларнинг очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилишини таъминлаб келмоқдалар.
Агентлик томонидан вазирлик ва идораларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини самарали ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишда замонавий механизмларни жорий этишга кўмаклашиш мақсадида халқаро стандартлар асосида 10 дан ортиқ ички идоравий ҳужжатлар намуналари ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идораларга юборилди.
Жумладан, бу ҳужжатлар қаторига:
- Коррупцияга қарши курашиш сиёсати;
- Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш методологияси;
- Манфаатлар тўқнашувини бошқариш тартиби тўғрисидаги низом;
- Қонун бузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш тартиби;
- Қонун бузилиши ва коррупция ҳолатлари бўйича хизмат текширувини ўтказиш тартиби;
- Коррупцияга қарши курашишга оид чора-тадбирларнинг самарали жорий этилишини мониторинг қилиш услубиёт;
- Коррупцияга қарши курашиш тизимига оид ҳисоботларни юритиш регламенти;
- Ходимларни коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитиш ва малака оширишини ташкил қилиш тартиби;
- Кадрлар сиёсатини юритиш ҳамда номзодларни ишга қабул қилиш тартиби;
- Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фалиятни баҳолашнинг самарадорлик кўрсаткичлари (KPI);
- Контрагентларни текшириш бўйича Йўриқнома каби ички идоравий ҳужжатлар киритилган.
Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотларида ушбу тузилмалар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу қарорга асосан, 2022 йилдан бошлаб ҳар йили давлат органлари ва ташкилотлари томонидан коррупцияга қарши курашиш тизимини самарали йўлга қўйилганлик ҳолатини баҳолайдиган тизим ишга туширилиши кўзда тутилган.