Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Давлат харидлари соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, 46 та вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ижроси таъминлаб келинмоқда.
Лойиҳа доирасида Молия вазирлиги ва бошқа идоралар билан биргаликда янги таҳрирдаги “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан маъқулланди.
Агентлик томонидан Ҳисоб палатаси ва бошқа вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда қурилиш, энергетика, сув хўжалиги ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларида ўрганишлар ўтказилди.
Жумладан, Андижон, Жиззах ва Навоий вилоят ҳокимликларининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари ва бошқа буюртмачи ташкилотларида жами 461,3 млрд. сўмлик қийматдаги давлат харидлари юзасидан 59 та қурилиш объектлари ўрганилди.
Ўрганишларда, Андижон вилоятида 18 та, Жиззах вилоятида 11 та, Навоий вилоятида 7 та танлов ва тендерларни ўтказиш жараёнида “Давлат харидлари тўғрисида” ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда бошқа қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилгани, қурилш объектларида давлат бюджетига турли кўринишда 19,6 млрд. сўм зарарлар етказилгани аниқланди.
Ўрганиш натижаларига асосан прокуратура органлари томонидан Андижон вилоятида 6 та, Жиззах вилоятида 3 та, Навоий вилоятида 1 та, жами 10 та жиноят ишлари қўзғатилган ва 2 та ҳолатда ЖПКнинг 84-моддаси 5-қисмига асосан айблилик масаласи ҳал қилинмасдан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Шунингдек, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда унинг қуйи тизимларида 5033 та қонунбузилиши, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш лойиҳалари учун ажратилган 154,4 млрд. сўмлик маблағларни мақсадсиз сарфланганлиги маълум бўлди.
Бандан ташқари, Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ташкилотларида давлат харидлари бўйича 4836 та хато ва камчиликлар мавжудлиги, бюджетга 704 млн. сўм зарар етказилгани аниқланган.
Энергетика вазирлиги тизимидаги “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан 2019-2020 йилларда 10,4 млрд. сўмлик 512 та шартномалар тузилган бўлиб, 1,9 млрд. сўмлик 20 та шартномалар бўйича маълумотлар махсус ахборот порталига уч кундан кечиктириб жойлаштирилган бўлса, 2,4 млрд. сўмлик 10 та миқдоридаги шартномалар тўғрисидаги маълумотлар умуман жойлаштирилмаган.
Агентлик томонидан ўтказилган мазкур ўрганишлар натижасида, вазирлик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган, идора ва ташкилотларга 13 та тақдимнома киритилиб, 25 та сўровнома ва 3 та огоҳлантирувлар юборилди, юборилган сўровномалар бўйича прокуратура органлари томонидан Жиноят кодексининг 167, 205, 209 ва бошқа моддалар билан умумий 14 та жиноят иши қўзғатилди.