Жорий йилнинг 26 апрель куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбариятининг бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда БМТ Тараққиёт дастури, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, ЮНИСЕФ, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Европа иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Минтақавий мулоқот ташкилоти, Осиё тараққиёт банки, JICA (Япония), GIZ (Германия), USAID (АҚШ) каби ташкилотлар ҳамда Швецария, Буюк Британия, Хитой, Франция, АҚШ, Германия, Япония, Финландия давлатлари элчихоналари вакиллари иштирок этишди.
Мазкур учрашув Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури кўмагида ташкил этилди.
Мулоқотда халқаро ташкилотларнинг мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорлик қилиш йўналишларини ўзаро мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда коррупцияни олдини олишга қаратилган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдиришди. Улар томонидан аввало, соҳада қонунчиликни такомиллаштириш, узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқиш, соҳага замонавий ахборот коммуникация технологияларини жалб этиш, бу борада ёшлар, аҳоли, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари фаоллигини ошириш каби йўналишлар устувор бўлиб қолишини таъкидлашди.
Учрашув якунида Агентлик ҳамда халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари белгилаб олинди. Шунингдек, Агентлик ҳамда донор ташкилотлар вакиллари фаолиятини мунтазам мувофиқлаштириб турувчи ишчи гуруҳ шакллантиришга келишиб олинди.