Жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган халқаро семинар бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Давлат фуқаролик хизматини 2030 йилгача ривожлантириш стратегия лойиҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг вазифа ва функцияларини самарадорликка йўналтириш, давлат фуқаролик хизматчилар билан ишлаш, уларни хизмат поғоналарида ўстириш ва доимий малакасини ошириб боришнинг самарали ва шаффоф механизмларини жорий этиш ҳамда хизматчиларнинг коррупцияга тоқатсиз муносабатини шакллантиришга оид ўрта ва узоқ муддатли чораларни амалга ошириш белгиланган.
Семинарда БМТнинг Тараққиёт Дастури (UNDP), Европа Иттифоқи делегацияси, Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Ўзбекистондаги Германиянинг халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ), Жаҳон банки мутахассислари “ZOOM” платформаси орқали иштирок этдилар.
Тадбирда Агентлик директори Акмал Бурханов ҳам кириш сўзи билан қатнашиб, стратегия лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклифларини билдириб ўтди. Жумладан:
Стратегиянининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида “Давлат фуқаролик хизматида коррупцияга тоқатсиз муносабатни шакллантириш” йўналишини “Давлат органлари ва ташкилотларида ISO: 37001 – Коррупцияга қарши менеджмент тизимини жорий этиш” банди билан тўлдириш;
Ушбу йўналишга доир мақсадли кўрсаткичлар, хусусан,“ISO: 37001” сертификатини олган давлат органлари ва ташкилотлари сони” каби кўрсаткичлар билан кучайтириш;
- Давлат хизматчиларининг ҳалоллигини текшириш (“integrity check”) тизимини жорий этиш механизмини ишлаб чиқиш.
Мазкур тизим бугунги кунда Эстония, Арманистон, Қозоғистон давлатларида самарали қўлланиб келинмоқда.
- Озарбайжон, Словакия, Ирландия ва бошқа бир қатор давлатлар тажрибасига асосланиб, “компетенция модели”ни қўллаш, яъни давлат хизматчиларини лавозимга тайинлашда нафақат расмий белгиланган талаблар, балки ушбу лавозимни эгаллаш учун зарур бўладиган кўникмаларни, шунингдек уларни ўлчаш ва баҳолаш механизмларини ишлаб чиқиш.
Тадбир якунида муҳокамалар жараёнида кўтарилган таклиф ва тавсиялар асосида Стратегия лойиҳасини янада такомиллаштирилиши қайд этилди.