Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Учқўрғон туман ҳокимлиги буюртмачилигида ўтказилган танлов натижалари ўрганилди.
Жорий йилнинг 5 май куни “kun.uz” сайтида “Наманганда 259 млн. сўмлик давлат буюртмаси бўйича тендер бир шахсга қарашли корхоналар ўртасида ўтказилди” мавзусида мақола эълон қилинган.
Аниқланишича, Учқўрғон туман ҳокимининг 2021 йил 16 апрелдаги 76-Ф-сонли фармойишига асосан “Норин” дарёси чап қирғоғида жойлашган емирилган дамбани 200 метр қисмини шағаллаш орқали жорий таъмирлаш белгиланган.
Ушбу фармойишга асосан Учқўрғон туман ҳокимлиги буюртмачилигида 2021 йил 20 апрелда “dxarid.uz” сайтига 7103632-сонли лот рақами ва 259 млн. сўм бошланғич нарх билан танлов эълони жойлаштирилган.
Танловда “Мирзохидмирзо Мирзобахром Мирзамурод” МЧЖ, “Мирзохидмирзо Ўркинмирзо Мирзабахром” МЧЖ, “Шерзод Бегзод Нилуфар” МЧЖ қатнашган бўлиб, танлов натижаларига асосан “Мирзохидмирзо Мирзобахром Мирзамурод” МЧЖ томонидан берилган 258,2 млн.сўмлик таклиф ғолиб бўлган.
Ўрганишда, М.К. “Мирзохидмирзо Мирзобахром Мирзамурод” МЧЖда, “Мирзохидмирзо Ўркинмирзо Мирзабахром” МЧЖда, “Шерзод Бегзод Нилуфар” МЧЖда таъсис улушига эга эканлиги аниқланди.
“Далват харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 36-моддасида, давлат буюртмачиси ғолиб бўлган таклиф акцептига қадар исталган вақтда давлат харидини бекор қилиш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
Шунга кўра, мазкур танлов натижалари Учқўрғон туман ҳокимлиги томонидан “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 36-моддасига асосан бекор қилинган.