2021 йил 20 май куни Озарбайжон Республикаси Бош прокурори Камран Алиевнинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурханов бошчилигидаги делегация Озарбайжонга ташрифини бошлади.
Ташриф Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Ташрифнинг учрашувлар қисми Озарбайжон Республикаси Бош прокуратурасида икки мамлакат делегация ўртасидаги мулоқот билан бошланди. Озарбайжон Республикаси Бош прокурори Камран Алиев мамлакатда демократик ва ҳуқуқий давлат барпо этиш борасида амалга оширилган ишлар, халқаро тажриба, янги институционал механизмларни ҳисобга олган ҳолда миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Фуқароларга хизмат кўрсатиш орқали бюрократик тўсиқларни бартараф этишда муҳим рол ўйнайдиган "АСАН хизмат" ва "ДОСТ" марказлари фаолияти тўғрисида маълумот берди. Бош прокурор ўз нутқида мамлакат амалиётида шаффофлик ва сифат мезонларини ҳисобга олган ҳолда комплекс чора-тадбирларнинг аниқ мисолларига тўхталиб ўтди.
Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов самимий қабул учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон Республикасида янги босқичга кўтарилган суд-ҳуқуқ ва инсон манфаатларини таъминлаш йўлидаги ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди. Айниқса, сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган институционал ўзгаришларга тўхталиб ўтиб, ушбу йўналишда тажриба алмашиш томонлар учун фойдали бўлишини қайд этиб ўтди.
Учрашувда таъкидланганидек, ҳар икки мамлакатда амалдаги сиёсий ирода туфайли, порахўрлик ва коррупцияга қарши кураш устувор вазифалардан бири бўлиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва стратегик ҳаракатлар самарали амалга оширилмоқда.
Ташриф давомида томонлар ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорлик тўғрисида фикр алмашдилар. Халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро алоқалар самарадорлиги, ҳуқуқий ҳамкорлик соҳасидаги мавжуд келишувлар базасини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилишди.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги делегацияси ташрифи давом этмоқда.