Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари ташриф давомида Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлисининг Мудофаа, хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ва бошқа бир қатор депутатлар билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида коррупцияга қарши курашиш тизимида парламентнинг ўрни, ижро органлари билан ўзаро ҳамкорлик ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Озарбайжон парламенти масъул қўмитаси томонидан қонун лойиҳаларини қабул қилишда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва бу борада қўлланилаётган парламент назорати шакллари тўғрисида маълумотлар берилди.
Озарбайжон Республикаси Олий суди раҳбарияти билан ўтказилган учрашувда одил судлов самарадорлиги ва судьялар лавозимига танловларни янгича, очиқ ва шаффоф тарзда ўтказиш, шунингдек, суд тизимида коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмлари борасида фикр алмашилди.
Шу билан бирга, Озарбайжон суд органлари вакиллари томонидан коррупциянинг олдини олиш мақсадида ва қонунни қўллаш ягона амалиётини жорий этиш мақсадида миллий қонунчиликдаги ўзгариш ва янгиликлар ҳақида маълумот берилди.