Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Озарбайжон Республикасида ишчи ташриф билан бўлиб турибди.
2021 йилнинг 20 май куни делегация аъзоларининг Озарбайжон Республикаси Бош прокурори билан, шунингдек, Бош прокурор ҳузуридаги Коррупцияга қарши курашиш Бош бошқармаси бошлиғи – Бош прокурор ўринбосари ҳамда Коррупцияга қарши курашиш комиссияси Ижрочи котиби билан учрашувлар ўтказилди.
Бош прокурор билан учрашув давомида прокуратура органларининг коррупцияга қарши курашиш тизимидаги ўрни, амалий тажрибаси, халқаро-ҳуқуқий механизмлари, шунингдек, нодавлат ташкилотлар билан ўзаро алоқалари ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш инструментлари билан танишилди.
Бош бошқарма ҳамда Комиссия вакиллари билан ўтказилган учрашув давомида эса Озарбайжонда коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини амалга ошириш, унинг самарадорлигини таҳлил қилиш ҳамда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда коррупцияга оид маълумотлар таҳлили, коррупцияга оид жиноятлар натижасида етказилган моддий зарарни қоплаш борасидаги тажрибаси ўрганилди. Шунингдек, идоралар фаолиятида информацион технологиялар ва электрон дастурлар самарадорлиги, халқаро коррупцияга қарши курашиш стандартларининг миллий қонунчиликка имплементация қилиниши ҳолати билан яқиндан танишилди.
Озарбайжоннинг Европа Иттифоқи доирасидаги Коррупцияга қарши давлатлар гуруҳи (ГРЕКО) халқаро ташкилотидаги аъзоликнинг амалий аҳамияти, мазкур тизим ривожидаги ўрни ва истиқболдаги режалари муҳокама қилинди.
Шу билан бир қаторда, коррупцияга оид жиноятлар ҳақида хабар берувчи шахслар ҳимоясига берилаётган аҳамият, бу борада ташкил этилган махсус “call-markaz” ҳақида маълумот олинди.
Учрашувлар якунида, икки давлат ўртасида ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш ва соҳага оид илғор тажриба ва махсус билимлар билан тизимли алмашиб бориш мақсадида Агентлик, Бош прокурор ҳузуридаги коррупцияга қарши курашиш Бош бошқармаси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш комиссияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланиши юзасидан келишувга эришилди.