Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 15 сентябрдаги «Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси иштирокида «Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш» лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 4830-сонли Қарори билан Агросаноат мажмуаси ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш (кейинги ўринларда АМОТСЛА деб юритилади) агентлиги Лойиҳа бошқарувчиси этиб белгиланган.
Қарорда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига Лойиҳа доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш устидан назорат ўрнатиш вазифаси юклатилган.
Шунга мувофиқ, Агентлик томонидан лойиҳа доирасида амалда молиялаштирилган маблағлар, маҳсулот ва хизматларни етказиб берувчиларни танлаб олиш юзасидан ўтказилган тендер (танлов)лар ҳамда бошқа маълумотлар мунтазам таҳлил қилиниб, уларни янада очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, ушбу жараёнларда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, лойиҳа доирасида қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш учун жами 92,4 млн. АҚШ доллари ажратиш назарда тутилган бўлиб, ҳозирда 102 та сублойиҳаларни молиялаштириш мақсадида Республикадаги 5 та банк муассасаларидан (Халқ банки, Турон банк, Ипотека-банк, Қишлоқ қурилиш банк ва Савдогарбанк) 14,2 млн. АҚШ доллари маблағ ажратиш юзасидан талабномалар келиб тушган ва улардан 98 таси бўйича 13,1 млн. АҚШ доллари қисмини молиялаштиришга рухсат берилган.
Шунингдек, бугунги кунга қадар лойиҳа доирасида белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун маҳсулот ва хизматларни етказиб берувчиларни танлаб олиш бўйича умумий қиймати 1,1 млн. АҚШ долларига тенг бўлган тендер (танлов)лар ўтказилган.
Ҳар бир ўтказилган тендер (танлов)ни очиқ ва шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида буюртмачи томонидан оммавий ахборот воситаларида (сайт, газета ва бошқа) мунтазам эълон ва ахборотлар жойлаштириб борилмоқда.
Шу билан бирга, лойиҳа доирасида амалга оширилаётган тадбирларни очиқ ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида АМОТСЛА Агентлигининг «uzaifsa.uz» махсус сайти ташкил қилинган бўлиб, унда тадбиркор ва фуқаролар учун амалга оширилган тадбирлар мунтазам ёритиб борилмоқда.
Бугунги кун ҳолатига Лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида кенг жамоатчиликка оммавий ахборот воситалари орқали 47 маротаба маълумот ва материаллар берилган.
Жорий йилнинг июнь ойида Агентлик томонидан Лойиҳа доирасида Андижон ва Фарғона вилоятларида амалга оширилган ишлар жойига чиқиб ўрганилди.
Хусусан, Агентлик директори томонидан лойиҳа доирасида Хўжаобод туманида жойлашган “Zamon” МЧЖга тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида ажратилган кредит маблағлари эвазига йўлга қўйилган фаолият ҳамда тумандаги янги барпо этилган Ветеринария клиникасида амалга оширилган қурилиш ишлари жойига бориб танишиб чиқилди.
Қишлоқ хўжалиги йўналишида фаолият олиб борувчи тадбиркорлик субъектлари Халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда ажратиб берилаётган кредит маблағлари ҳақидаги маълумотларни олишда Халқ банки, “Туронбанк” АТБ , АТИБ “Ипотека-банк”, АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” ва “Савдогар” АТБ ларининг туман-шаҳар ҳамда вилоят марказларидаги филиаллари, шунингдек Агросаноат мажмуаси ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлигининг ҳудудий вакилларига мурожаат қилишлари мумкин.