Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Қашқадарё вилоятидаги бюджет муассасаларида бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва бюджет соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, шунингдек тизимда коррупцион ҳолатларни келтириб чиқараётган омиллар ўрганилди.
Ўтказилган ўрганиш давомида ҳудуддаги бюджет ташкилотлари томонидан ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган бошқа тўловларни тўлаш ҳамда қурилиш учун ажратилган маблағларни сохта ҳужжатлар асосида талон-торож қилиш ҳолатлари мавжудлиги фош этилди.
Агентлик ташаббуси асосида танлов йўли билан вилоятдаги 8 та давлат молиявий назорати объектида ўтказилган камерал назоратда жами 498 млн сўмлик бюджет маблағлари танлон-торож қилинганлиги аниқланди.
Жумладан, Қашқадарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан 2020 йил давомида ходимларга 60 та ҳолатда 94,4 млн.сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар асоссиз ҳисоблаб, тўланган.
Шунингдек, Қашқадарё вилояти Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби томонидан 2021 йилда ходимларга 29.5 млн. сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар асоссиз тўланган.
Ўрганиш якунлари бўйича Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.