Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 ноябрдаги “Жаҳон банкининг Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилма инвестициялари банки иштирокида «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4898-сон Қарори билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш» лойиҳасига ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш устидан доимий назорат ўрнатиш вазифаси юклатилган.
Лойиҳага Республиканинг Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги 300 дан ортиқ қишлоқлар киритилган бўлиб, мазкур аҳоли пунктларида асосий ижтимоий инфратузилма сифатини яхшилаш учун маблағ олиш имконияти яратилади.
Мазкур ишлар учун Жаҳон банки томонидан 100 млн АҚШ доллари ва Осиё инфратузилма инвестициялари банки томонидан 82 млн АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари жалб этилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан айни мақсадда 1,6 млн АҚШ доллари ажратилган бўлиб, лойиҳанинг жами қиймати 183,6 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Лойиҳа қишлоқ аҳолисининг асосий инфратузилма сифатини ошириш ва қишлоқ ҳаётий фаолиятини таъминловчи хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган. Шунингдек, лойиҳа маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тизимини такомиллаштиришга, қишлоқ аҳолисини ўз маҳалла инфратузилмасида кўрсатиладиган хизматларга бўлган асосий эҳтиёжларини таъминлашга кўмак беради.
Ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши ҳамда ишларнинг амалга ошиш механизмини ўрганиш мақсадида Агентлик директори раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Фарғона вилоятида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мутасаддилари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда лойиҳа иштирокчилари билан учрашди.
Қайд этилишича, бугунги кунда ижтимоий объектларни танлаш жараёни шаффоф ва очиқ ўтказилишини таъминлаш мақсадида лойиҳага маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам жалб этилган.
Фарғона водийси бўйича 2021 йил давомида 32 та сублойиҳа объектларида ишлар олиб борилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирда консалтинг компаниялар тажриба тариқасида танланган қишлоқларда сафарбарлик ишларини олиб бормоқда.
Бундан ташқари, қишлоқларда базавий инфратузилма ва ижтимоий соҳа объектларини яхшилаш бўйича ишларни ташкиллаштириш мақсадида 2021-2022 йил учун Жиззах ва Сирдарё вилоятларида жами 45 та қишлоқ танлаб олинди. Шундан, ҳозирда 36 тасида аҳоли ва жамоа сафарбарлиги ишлари якунланди.
Шунингдек, лойиҳа доирасида Андижон вилояти Пахтабод тумани “Соҳил” МФЙда 264 ўринли ва Жиззах вилояти Баҳмал тумани “Сарой” МФЙда 220 ўринли 2 та замонавий мактаб қурилиши белгиланган бўлиб, ҳозирда лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди ҳамда давлат экспертизасидан ўтказилди. Бугунги кунда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш учун пудрат ташкилоти аниқланмоқда.
Бундан ташқари, танланган қишлоқларда жами 67 та лойиҳалар, жумладан 21 та тоза ичимлик суви, 24 та электр таъминоти тизимини яхшилаш, 14 та ички кўчаларни таъмирлаш, 2 та мактаб биносини реконструкция қилиш, 2 та мактаб фаоллар зали, замонавий спорт майдончаси ва компьютер синфини реконструкция қилиш, 1 та мактаб иситиш тизимини яхшилаш, 1 та кўприк қурилиши ҳамда 2 та зах сувларни қочириш (дренаж реконструкцияси) каби инфратузилмавий объектларга талаб бирламчи ва долзарб эканлиги аниқланди.
Ҳозирда буюртмачи – вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи ҳизмати” инжиниринг компаниялари томонидан лойиҳаловчи ташкилотлар бўйича танловлар ўтказилмоқда.
2021 йилда лойиҳа доирасида юқорида қайд этилган чора-тадбирларни амалга ошириш натижасида 20,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни жалб этиш кўзда тутилмоқда.