Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш вазифаси юклатилган.
Бугунги кунда Агентлик давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фармон билан тасдиқланган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни очиқ маълумотлар портали ва ўзларининг расмий веб-сайтларида ўз вақтида ва тўлиқ эълон қилиниши, кўрсатилган муддатларда янгилаб борилишини назоратга олган.
Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан маҳаллий бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар сметаси, режадан орттириб бажарилган қисми ҳамда мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотлар ўзларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилганлиги (жорий йилнинг 16 август ҳолатига кўра) мониторинг қилинди.
Ўрганишлар натижасига кўра қуйидагилар аниқланди:
Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан 2021 йилнинг 1-ярим йилликда маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлари, хусусан бюджет маблағларининг вилоят, шаҳар ва туманлар ҳамда соҳалар кесимида сарфланиши тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ очиқланган ва фармон ижроси таъминланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши;
Андижон вилояти ҳокимлиги;
Бухоро вилояти ҳокимлиги;
Жиззах вилояти ҳокимлиги;
Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан 2021 йилнинг 1-ярим йилликда маҳаллий бюджет ижроси тўғрисидаги маълумотлар қисман очиқлангани (хато ва камчиликларга йўл қўйилгани) аниқланди.
Хоразм, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан фармон ижроси умуман бажарилмагани аниқланиб, Агентлик томонидан белгиланган тартибда огоҳлантирилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилмасида Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилган. Бошқарма томонидан Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг (33 турдаги) очиқ маълумотлар портали ҳамда ўзларининг расмий веб-сайтларида жойлаштириб борилиши доимий равишда назорат қилиб борилмоқда.