Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича минтақавий бошқармаси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан “Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада такомиллаштириш йўллари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбати аввалида таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 15 январь куни Агентлик ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилди ва мамлакатимизда аксилкоррупция сиёсатини амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган Миллий стратегияси лойиҳаси, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури ҳамда Агентлик томонидан ишлаб чиқилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўз таклиф ва тавсияларини берди. Шунга қарамасдан Кенгаш фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор ишларниамалга ошириш зарурати мавжуд.
Мазкур масала юзасидан БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича минтақавий бошқармаси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертлари жалб қилинган ҳолда Жамоатчилик Кенгаши фаолиятини тартибга солишга қаратилган ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, Кенгаш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари халқаро экспертлар томонидан коррупцияга қарши курашиш жараёнларида давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича хориж тажрибаси тўғрисида маълумот берилди.
Ўзаро мулоқот тарзида ташкил этилган мазкур тадбирда ушбу таклиф ва тавсиялар Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирокида муҳокама қилинди. Хориж тажрибасида кўзда тутилган ижобий жиҳатларни Кенгаш фаолиятига жорий этиш, уларни қолган давлат тузилмалари ҳузуридаги кенгашлар ишига ҳам сингдириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.