Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги фармонига асосан, республикамизнинг барча ҳудудларида коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари ташкил этиш вазифаси қўйилган эди.
Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 22 сентябрь куни Андижон вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши аъзолари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, вилоят ҳокимлиги раҳбарияти ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Йиғилиш аввалида, сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани, бу борада кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани натижасида бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилгани таъкидланди.
Шу билан бирга, кўрилаётган тизимли чораларга қарамасдан, ҳудудларда бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат харидлари, капитал қурилиш каби йўналишларда коррупция ҳолатлари сақланиб қолаётганлиги, хусусан, Андижон вилоятида 2019-2020 йиллар ҳамда 2021 йилнинг ўтган даврида жами 843 нафар турли даражадаги мансабдор шахслар коррупцион жиноят содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилгани қайд этилди.
Ушбу рақамнинг ўзи янги ташкил этилаётган ҳудудий кенгаш олдида амалга оширилиши лозим бўлган чоралар кўлами ниҳоятда катта эканлигини кўрсатиб турибди.
Йиғилиш давомида ҳудудий кенашларнинг асосий вазифа ва мақсадларига ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан,
- Андижон вилоятида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ва ташкилотлар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилиш;
- Коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашга қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;
- коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ҳудудий давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботларини ва маърузаларини эшитиш.
Бундан ташқари вилоят миқёсида коррупцияга сабаб бўлаётган омилларни аниқлаган ҳолда ҳудудий кенгашнинг аниқ чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда ҳар бир аъзонинг масъулият билан ёндошишини таъминлашга оид қарорлар қабул қилинди.