Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши (кейинги ўринларда — Миллий кенгаш) ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилиши белгилаб берилган эди.
Бугун Фарғона вилояти ҳокимлигида белгиланган режага асосан Коррупцияга қарши курашиш Фарғона вилояти ҳудудий кенгашининг таъсис мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тухташева, Миллий кенгаш аъзолари, вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов, вилоятдаги дахлдор ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашдилар.
Кун тартибига кўра дастлаб Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг 2021 йил 17 сентябрдаги йиғилишида тасдиқланган вилоят ҳудудий Кенгаши аъзолари таништирилди.
Шундан сўнг, маърузачилар томонидан коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, жойларда коррупцион жиноятлар содир этилиш салмоғи ҳамон сақланиб келинаётганлиги қайд этилди.
Бундай қонунбузилиш ҳолатларига барҳам бериш, вилоятда коррупцияга иллатига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида эндиликда ҳудудий кенгашлар фаолият юритиши ва улар коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат ва бошқа дастурларнинг амалга оширилишини ташкил этиши, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга чора-тадбирларни ишлаб чиқиш каби вазифалар ижросини таъминлаш кўзда тутилган.
Бу борада Кенгашнинг ҳар бир аъзосига амалга ошириши лозим бўлган вазифаларни аниқ белгилаш, бунда жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан фаол ишлаш, тарғибот-ташвиқот фаолиятига алоҳида эътибор қаратиш, вилоятдаги бошқарма ва ташкилотлар ўз тизимидаги қонунчилик базасини инвентаризациядан ўтказиб, коррупция ҳамда бюрократик омилларга сабаб бўлувчи нормаларни бартараф этиш юзасидан тегишли таклифларни Миллий кенгашга тақдим этиши лозимлиги қайд этилди.
Якунда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди ҳамда олдинда турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.