Жорий йилнинг 23-сентябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тухташева ва Осиё тараққиёт банки вакиллари иштирокида онлайн учрашув ташкил этилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси билан Осиё Тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорлик 1995 йил август ойидан бошлаб йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Республикасининг Осиё Тараққиёт банки билан ўзаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 30 апрелдаги “Осиё ривожланиш банки билан ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 186-сонли қарорига мувофиқ йўлга қўйилган.
1997 йилдан буён Тошкент шаҳрида Осиё Тараққиёт банкининг ваколатхонаси фаолият кўрсатиб келади.
Тадбирни дастлаб, Осиё тараққиёт банкининг лойиҳа менежери Ч.Акин очиб, Осиё тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги фаолияти, мамлакатдаги давлат бошқаруви тизимини ривожлантириш соҳасидаги олиб борилган лойиҳалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг Агентлик директори ўринбосари У. Тухташева Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати, бу борада олиб борилаётган сўнгги ислоҳотлар, Агентлик фаолият йўналишлари ва юклатилган вазифалар ҳақида таништирди.
Мулоқот давомида Осиё тараққиёт банки томонидан “Иқтисодий бошқарувни такомиллаштириш дастури”нинг кейинги босқичи ишга туширилиши ва ушбу лойиҳада Агентликнинг роли алоҳида эътироф этилди. Бундан ташқари, давлат органларида коррупцияга қарши ички назорат тизими («комплаенс-назорат») ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимини ислоҳ қилишда ва Агентликни бошқа йўналишларда қўллаб қувватлаш масаласини кўриб чиқилиши таъкидланди.
Ўзаро мулоқот тарзида ташкил этилган мазкур учрашув якунида икки тараф вакиллари томонидан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, шу жумладан ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш йўналишида лойиҳалар ишга туширилиши юзасидан келишиб олинди.