Жорий йилнинг 28-сентябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, Элчи Шарлотта Адриэн ҳамда Брюссельдаги Бош Котибиятидан ташриф буюрган экспертлари билан учрашув ташкил этилди.
Учрашув мақсади – Европа Иттифоқининг мониторинг сиёсати доирасида Иттифоқ томонидан грантлар ажратилаётган мамлакатларда коррупцияга қарши курашиш сиёсати ва ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишиш ва бу борада ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш бўлди.
Дастлаб учрашувни Агентлик директори очиб бериб, Европа Иттифоқи вакилларига Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, жумладан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат органлари очиқлигини таъминлаш, фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилини камайтириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, Халқ қабулхоналари ташкил этилиши ва Агентликнинг жорий фаолияти тўғрисида маълумот берди.
Ўз навбатида, Элчи Ш.Адриэн ушбу учрашувдан мамнунлигини айтиб, мамлакатимизда олиб борилаётган коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотларни алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, Ўзбекистондаги бюджет маблағлари ишлатилишининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўйича коррупцияга қарши курашиш чоралари ҳамда мазкур йўналишлардаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва ундаги ўзгаришлар, Агентлик томонидан олиб борилаётган ишлар, идоранинг яқин истиқболдаги режалари ва кўзлаган мақсадлари бўйича фикр алмашилди.
Учрашув якунида, ЕИ ва Агентлик ўртасида алоқаларни янада кенгайтириш ҳамда икки ташкилот ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларини кўриб чиқиш учун келгусида ишчи учрашувларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.