Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳудудий кенгашлар таркибини шакллантириш масаласи кўрилиб, унда Самарқанд вилояти коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаши таркиби тасдиқланган эди.
Вилоят ҳудудий кенгашининг куни кеча ўтказилган дастлабки йиғилишида эса кенгаш таркиби таништирилиб, вазифалар белгилаб олинди. Маърузачилар томонидан коррупциянинг жамият тараққиётига салбий таъсири, уни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш хусусида сўз юритилди.
Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тухташева коррупцияга қарши курашиш борасида мамлакатимизда қўлланилаётган амалиёт, бу борада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ҳақида маълумот бериб, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаларини амалга оширишда ҳудудий кенгашлар аъзолари олдида турган вазифаларни кўрсатиб ўтди.
Йиғилишда, шунингдек Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Н.Мусамуҳаммедов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев мазкур иллатга қарши курашиш юзасидан таклиф ҳамда тавсияларини билдирдилар.
“Коррупцияга қарши курашишни кенгаш аъзолари аввало ўзидан, ўзи раҳбарлик қилаётган корхонадан бошлаши зарур”, – деди Э.Турдимов, Коррупцияга қарши курашиш вилоят ҳудудий кенгаши раиси- вилоят ҳокими. Бу борада оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик ёрдамига таяниш, худудга бириктирилган Миллий кенгаш аъзолари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ва шахсий маъсулиятни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.