Ҳудудларда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлашга масъул бўлган тузилмалар ўз фаолиятини бошламоқда.
Жумладан, куни кеча Гулистон шаҳрида Сирдарё вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгаш аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати қўмита раиси Наримон Умаров, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари –Талъатжон Хайдаров ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов иштирок этди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва улар ижросида ҳудудий кенгашларнинг ўрни, мазкур кенгашларнинг амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тақдим этиш механизмлари ҳамда уларнинг олдида турган долзарб вазифалар тўғрисида маълумот беришди.
Ёшларни ушбу иллатнинг салбий жиҳатлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқароларга кўрсатилаётган давлат хизматларини оптималлаштириш ва ортиқча ҳужжатбозликларни чеклаш каби йўналишларда Кенгаш аъзоларининг вазифалари белгилаб берилди.