Жорий йилнинг 15 октябрь куни Қашқадарё вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг таъсис мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, "Тараққиёт стратегияси" маркази раҳбарияти, ҳудудий кенгаш аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Йиғилишда коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда кенг жамоатчиликнинг ўрни муҳим эканлиги таъкидланди. Шу каби вазифаларни комплекс ва тизимли равишда ташкиллаштиришда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларидан алоҳида фаоллик талаб этилиб, юклатилган вазифалар ҳамда ваколатларга тўхталиб ўтилди.
Мажлисда Кенгаш аъзоларининг вазифаларини аниқ белгилаш, ҳудудда "Коррупциясиз соҳа" лойиҳаларининг қамровини кенгайтириш, туман, шаҳарлар даражасида ҳам мансабдорлар эшитувини ташкил этиш, ҳудуднинг коррупцияга қарши курашиш сиёсатини ўзида акс эттирган дастур ишлаб чиқиш каби йўналишларда тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Шу билан бирга, миллий кенгашнинг ҳудудлар учун масьул бўлган аъзолари кўмагида ҳудудий кенгашлар ўртасида ишларни самарали ташкил этиш ва коррупциянинг олдини олишда таъсирчан жамоатчилик назорати ва сўровини ташкиллаштириш юзасидан чоралар белгиланди.