Жорий йилнинг 8 февраль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов Президент Администрацияси масъул ходимлари ҳамда Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти билан бирга божхона тизимида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар самарадорлигини ўрганиш мақсадида Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постига ташриф буюрди.
Ташриф давомида божхона тартиб-таомилларини амалга оширишда юзага келиши мумкин бўлган коррупцион хавф-хатарлар ҳамда уларни минималлаштиришга қаратилган чора-тадбирларга эътибор қаратилди. Хусусан, божхона расмийлаштируви жараёнида рақамлаштириш ҳамда соҳага жорий қилинган ахборот технологияларининг имкониятлари ўрганилди.
Ўз навбатида, бу борада инсон омилини камайтириш ҳисобига божхона расмийлаштирувини соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирлар, ташқи иқтисодий фаолият субъектлари томонидан товарларнинг божхона ҳудудига олиб кирилиши билан боғлиқ тартиб-таомиллар учун сарфланадиган вақт ва харажатлар, бюрократияни қисқартириш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар илгари сурилиб, уларни божхона тизимини коррупциядан холи тизимга айлантириш дастури лойиҳасида назарда тутиш белгиланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати