Коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган вазифа ва топшириқлар ижросининг барча соҳалар ва ҳудудларда бирдек таъминланиши ислоҳотлар натижадорлигига тўғридан-тўғри таъсир қилувчи асосий жиҳат саналади.
Жорий йилнинг 9 февраль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа манфаатдор вазирлик, идора вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Сирдарё вилоятида бу борадаги ишларнинг ташкил этилиши ҳолати жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганишлар давомида маҳаллий ҳокимликларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятининг йўлга қўйилганлиги, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари ва маҳаллий давлат идораларида коррупцияга қарши курашиш фаолияти ҳамда уларнинг очиқлигини таъминлаш борасидаги ишлар, ҳудудда соҳага оид тарғибот-ташвиқот тадбирларининг йўлга қўйилганлиги ҳолатларига эътибор қаратилди.
Дастлаб ишчи гуруҳ аъзолари вилоятдаги мактабгача таълим муассасаларида бўлиб, ушбу муассасаларда болаларнинг мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиниши ва қатнови, соғлом овқатлантириш тизимининг ташкил этилиши ҳолати ўрганилди.
Шу билан бирга, мактабгача таълим муассасалари ходимлари билан очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Маҳаллий аҳоли вакиллари тизимда болаларни қабул қилиш жараёнларининг рақамлаштирилгани, бу эса коррупциявий ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этишди. Шунингдек, таълим муассасаларига ишга қабул қилиш жараёнлари шаффофлигини, болаларнинг овқатланиши ҳамда уларнинг ақлий фаолиятларини ривожлантириш бўйича ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан вилоят ҳокимлиги тизимида ҳам бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, коррупцияга қарши ички назорат тизимини ташкил этиш ва самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, вилоятдаги масъул ходимлар учун очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали амалга ошириш юзасидан тушунтириш ҳамда тарғибот учрашуви ҳам ташкил этилди.
Айтиш жоизки, Агентлик томонидан ўтказиладиган бу каби ўрганишлар ва тарғибот тадбирларини бошқа ҳудудларда ҳам тизимли равишда ташкил этиш режалаштирилган.
Сирдарё вилоятида ўтказилган ўрганиш натижаларига оид тўлиқ тафсилотларни Интернет тармоғидаги расмий саҳифаларимиз орқали бериб борамиз.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати