Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–5177-сон қарорига асосан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Давлат бошқаруви академияси ва Бош прокуратура Академияси томонидан давлат хизматчиларини коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидалари бўйича ўқув курсларида мунтазам равишда ўқитиш тизимини яратиш тўғрисида келишув имзоланди.
Унга мувофиқ, ўқув курслари “ҳалоллик вакцинаси” тамойили асосида мазкур давлат органлари ва ташкилотларининг мутахаcсис ходимлари, ўқитувчи ва тренерлари томонидан амалга оширилади.
Ўқув курслари базавий ва махсус чуқурлаштирилган курслардан иборат бўлиб, давлат хизматчилари учун баъзавий махсус малака ошириш курслари 12 соатдан, махсус чуқурлаштирилган ўқув курслари эса 50 соатдан кам бўлмаган ҳажмда ташкил этилади.
Базавий ўқув курслар:
➖давлат органлари ўзларининг ходимлари учун идоравий таълим муассасалари;
➖давлат органларининг туман (шаҳар) бўлинмаларида фаолият юритаётган давлат хизматчилари учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази;
➖давлат органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳардаги бўлинмаларидаги давлат хизматчилари учун ҳудудий олий таълим муасасалари;
➖давлат органларининг марказий аппаратидаги давлат хизматчилари учун Давлат бошқаруви академияси ва унинг филиаллари томонидан ташкиллаштирилади.
Махсус чуқурлаштирилган ўқув курслар Давлат бошқаруви академияси ва Бош прокуратура Академиясида ташкил этилиб, уларда иштирок этиш иш берувчи ва таълим муассасаси ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади.
Базавий ва махсус чуқурлаштирилган ўқув курсларнинг намунавий ўқув дастури Давлат бошқаруви академияси, Бош прокуратура Академияси ҳамда Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан ҳар йили ишлаб чиқилади ва уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилади.
Давлат бошқаруви академияси, Бош прокуратура Академияси ҳамда Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан давлат хизматчиларига базавий ва махсус чуқурлаштирилган ўқув курсларда иштирок этганлик учун тегишли шаклдаги сертификатлар тақдим этилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат хизматчиларини коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашуви ва одоб-ахлоқ қоидалари бўйича ўқув курсларида мунтазам ўқитилиши юзасидан мониторинг олиб боради ҳамда вазирлик ва идораларга бу борада амалий ёрдам кўрсатади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати