Коррупция – медиа оламида энг ўткир ва айни пайтда оғриқли мавзулардан бири. ОАВ бу иллатга қарши фаол жамоатчилик назорати орқали муросасиз курашиб келмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида ташкил этиб келинаётган “Коррупцияга қарши кураш масалаларини ёритиш бўйича журналист, блогер, ННТ фаолларининг салоҳиятини ошириш” мавзусидаги тренинг жамиятдаги коррупция муаммолари ва таҳдидларини ёритишда ОАВ салоҳиятини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жорий йилнинг 10-11 февраль кунлари ўтказилган навбатдаги тренингнинг иштирокчилари бу гал қашқадарёлик журналист ва блогерлар бўлди.
Тренингда таниқли медиатренерлар ва Агентлик маъсул ходимлари томонидан ОАВ вакилларига коррупция ва унинг турлари, коррупцияга қарши курашда миллий ва халқаро қонунчилик асослари, халқаро тажриба, коррупция масалаларини ёритишда журналист хавфсизлиги масалалари бўйича маълумот берилди.
Тренинг дастуридан коррупцияга қарши курашиш соҳасида тарғиботни тўғри йўлга қўйиш, журналистик суриштирувни самарали амалга ошириш механизмлари ҳам ўрин олди.
Маълумки, коррупция мавзусини ёритишда, хусусан, журналистик суриштирув олиб боришда фактларни тўғри таҳлил ва талқин қилиш, қонунчилик ҳужжатлари билан самарали ишлаш, касб этикаси ва шахс ҳуқуқлари чегарасини бузмаслик каби долзарб ва айни пайтда нозик жиҳатлар мавжуд. Тренинг давомида ўтказилган амалий машғулотларда шу каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, асосли танқид, керакли хулоса, аниқ ечимлар таклиф этишда журналист зиммасидаги масъулиятга алоҳида урғу берилди.
Иштирокчилар масс-медиа воситалари (видеороликлар, интернет ва бошқа ОАВ материаллари) ёрдамида фуқароларни коррупцияга қарши муносабатини шакллантириш ва ҳуқуқ-тарғибот идоралари билан ҳамкорликни самарали ташкил этиш усулларидан ҳам хабардор бўлишди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати