Жорий йилнинг 16 февраль кунидан Давлат бошқарув академиясида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимликлари Ташкилий-назорат тузилмалари раҳбарлари учун махсус ўқув курси бошланди.
Асосий мақсад Ташкилий-назорат тузилмалари раҳбарларининг назарий билим ва амалий кўникмаларини ошириш ҳамда уларни профессионал жиҳатдан янада ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат.
Икки босқичли ўқув курсида 200 нафардан ортиқ Ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этмоқда.
Махсус ўқув дастури доирасида тингловчилар учун Ўзбекистонда кадрлар сиёсати, мамлакатимизда давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш истиқболлари, маҳаллий ҳокимликлар Ташкилий-кадрлар гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этишдаги долзарб вазифалар, шунингдек, иштирокчиларнинг малака ва салоҳиятини янада бойитишга қаратилган тренинглар ўтказилмоқда.
Жумладан, 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, раҳбар ахлоқи ва бошқарув маданияти, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тайёрлаш, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти каби мавзуларда профессорлар, вазирлик, идораларнинг амалиётчи мутахассислари томонидан назарий ва амалий машғулотлар ўтказилмоқда.
Хусусан, Агентлик масъул ходимлари “Давлат хизматида ҳалоллик стандартларини жорий этиш истиқболлари” мавзусидаги махсус ўқув семинарида маъруза билан иштирок этди.
Ўқув курси дастурига асосан тингловчиларнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Сархумдон” МФЙ, Олмазор тумани 1-сектор штаби фаолияти билан танишиши ҳам режалаштирилган.
4 кунлик қисқа муддатли ўқув дастурини муваффақиятли тамомлаган иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати