Жорий йилнинг 22 февраль куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) кўмагида Халқаро очиқ маълумотлар хартияси томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бўйича тузилган очиқ маълумотлар тўплами юзасидан Якуний ҳисоботнинг тақдимотига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Халқаро очиқ маълумотлар хартиясига қўшилган жаҳондаги 23-мамлакат бўлиб, Хартия 150 дан ортиқ ҳукумат ва ташкилотларнинг маълумотларини халқаро миқёсда очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш устида иш олиб боради. Агентлик Хартия билан ушбу ҳисоботни ишлаб чиқишда ва 2021 йил 3 декабрда ўтказилган “Очиқлик форуми” доирасида яқин ҳамкорлик олиб борди.
Тақдимот Халқаро очиқ маълумотлар хартиясининг Бошқарувчи директори Н.Карфи ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг хорижий экспертлари томонидан ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон томонидан 30 га яқин вазирлик ва идоралар ходимлари иштирок этди.
Экспертлар Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш бўйича маълумотларнинг ҳозирги ҳолати, очиқ маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари ва уларнинг коррупцияга қарши курашишда фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилишди.
Бундан ташқари, тадбир давомида очиқ маълумотларнинг мавжудлиги, уларнинг фойдаланувчилар томонидан қайта фойдаланиш имкониятларига ва тизимларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди, бу эса кейинчалик манфаатдор томонлар томонидан очиқ маълумотлардан амалий восита сифатида фойдаланиш имконини бериши таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, ҳукумат фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, ахборот эркинлиги, давлат хизматчиларининг ойлик маошлари тўғрисида маълумотларни эълон қилиш, давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳисобдорлиги ва ички аудит жараёнларини мувофиқлаштириш, шаффофликни баҳолаш масалалари ва бу борадаги методологиялар бўйича фикр алмашилди.
Тадбир якунида экспертлар томонидан очиқ маълумотлардан фойдаланишни яхшилаш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди, жумладан, халқаро стандартларга асосан коррупцияга қарши маълумотлар инфратузилмасини яратиш учун устувор йўналишлар, техник ва меъёрий тавсиялар ҳамда маълумотларни бошқариш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати