Коррупцияга қарши курашишда аввало, жамоатчиликда онг ва таффаккур ислоҳ қилинмас экан, ҳар қандай қатъий чоралар ҳам, кучли ва барқарор назорат тизими ҳам етарлича самара бермайди. Бу борадаги ислоҳ эса ҳар кимнинг ўзидан бошланади ва у пировардида бутун жамиятни ягона мақсад – коррупцияга нисбатан муросасизлик йўлида бирлаштиради. Янги Ўзбекистоннинг бугунги ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ана шундай муҳим ҳаракатлантирувчи куч – “ҳалоллик вакцинаси” ҳар томонлама зарур.
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида бўлиб ўтган “Ҳалоллик вакцинаси – тараққиёт гарови” номли конференцияда ҳам айни шу жиҳатларга алоҳида урғу берилди.
Мазкур тадбир коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар, долзарб вазифалар ва келгусидаги мақсадлар муҳокамаси учун яна бир мулоқот майдони бўлди.
Унда қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходимлари соҳага оид концептуал норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар ва уларнинг самараси юзасидан ўзаро фикр алмашишди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг бугунги кундаги ижроси, эришилган ютуқлар ва кутилаётган янги натижалар ўзаро мулоқотларнинг асосий мавзуси бўлди.
Конференция иши “Коррупция – ёшлар нигоҳида” китобининг тақдимотига бағишланган маданий-маърифий тадбир билан давом этди.
Қайд этилишича, ушбу китоб мамлакат Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар асосида умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ҳуқуқий билимини ошириш, коррупция ҳақида тасаввур ва тафафаккурини кенгайтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш мақсадида ташкил этилган “Коррупция – ёшлар тасаввурида” номли иншолар танловининг ўзига хос маҳсулидир.
Танловда 8642 та умумтаълим мактабидан 445 мингдан ортиқ ўқувчи коррупция ва унга қарши курашиш ҳақида ўз фикр-мулоҳазалари акс этган иншолар билан иштирок этди. Улар орасидан 84 нафар ўқувчининг ижодий ишлари саралаб олинди ҳамда “Коррупция – ёшлар нигоҳида” китобида жамланди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур китоб бугуни ва эртасини коррупциядан холи кўриш истагидаги ёшларнинг ушбу ижтимоий иллатга нисбатан қарашлари, таклиф ва мақсадлари билан яқиндан таништиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Конференция якунида коррупцион ҳолатларга барҳам бериш борасида ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб бориш, коррупцияга қарши курашда аҳолининг ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирларини ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича келгусидаги мақсад-вазифалар белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати