Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги ва коррупция аломатлари мавжудлиги бўйича доимий равишда мониторинг ва ўрганишлар ўтказиб борилмоқда.
Ўрганишда давлат буюртмачилари томонидан ўтказилган қурилиш соҳасидаги давлат харидлари сунъий равишда қисмларга бўлингани, айрим давлат харидларида бир хил иштирокчилар такроран ғолиб бўлгани, баъзи буюртмачилар қонун талабларига зид равишда қурилиш соҳасидаги давлат харидлари бўйича эълонларни “Шаффоф қурилиш” ахборот марказининг “tender.mc.uz” махсус платформасига жойлаштирмагани ва бошқа қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг 59-моддасида давлат буюртмачиси томонидан махсус ахборот портали электрон тизимига танлаш ўтказилиши тўғрисидаги эълонни жойлаштириш билан бир вақтда:
- танлаш ўтказилиши тўғрисидаги эълонда кўрсатилган ахборот;
- ижрочилар билан ҳисоб-китобларни шакллантириш учун фойдаланиладиган валюта;
- тўлов тартиби ва етказиб бериш шартлари ҳақидаги ахборот;
- танлашда иштирок этиш учун таклифни давлат тилида
ва заруриятга қараб, бошқа тилларда тайёрлаш мажбурийлиги тўғрисидаги талаб;
- иштирокчиларга танлаш бўйича харид қилиш ҳужжатлари қоидаларига доир тушунтиришларни тақдим этиш тартиби;
- тақдим этиш муддати бошланадиган ва тугайдиган сана;
- техник топшириқ;
- иштирокчиларнинг таклифларни баҳолаш мезонлари ва кўриб чиқиш тартиби;
- танлаш иштирокчилари томонидан коррупция кўринишларига йўл қўймаслик бўйича ариза тақдим этиш мажбурийлиги ҳақидаги талаб киритилиши ва танлаш бўйича харид қилиш ҳужжатларига уларнинг ажралмас қисми бўлган шартнома лойиҳаси илова қилиниши лозимлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 январдаги 46-сонли қарори билан тасдиқланган “Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-бандида давлат буюртмачиларининг бир шартнома бўйича қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 000 (аввалги таҳрирда 2 500) бараваридан ортиқ бўлган қурилиш соҳасидаги давлат харидлари “tender.mc.uz” махсус ахборот портали орқали электрон шаклда амалга оширилиши қайд қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 3016-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 125-18-бандида танлаш таклифининг техник ва нарх қисми бўйича буюртмачининг товарларга (ишларга, хизматларга) бўлган эҳтиёжларини қондириш учун таклифнинг ҳар бир қисмини баҳолаш аҳамиятига қараб нисбий қиймати белгиланиши;
Танлов ҳужжатларида балларнинг бошланғич қийматлари белгиланиши мумкин ва улардан ўтмаган иштирокчи электрон танловдан четлатилиши;
Танлов таклифининг техник қисми учун миқдорий кўрсаткичлардан (малакали мутахассислар сони, етказиб бериш муддати, иш тажрибаси ва бошқалар) ёки эксперт баҳосидан келиб чиққан ҳолда баҳолаш мезонлари белгиланиши;
Балл усулидан фойдаланганда танлов таклифининг техник қисмининг ҳар бир баҳолаш мезони бўйича нисбий қиймат белгиланиши мумкинлиги, энг паст нарх усулидан фойдаланганда иштирокчининг танлов таклифи танлов ҳужжатларида белгиланган талабларга мос келиши ёки мос келмаслигини аниқловчи мезонлар белгиланиши лозимлиги қайд этилган.
Бироқ, давлат буюртмачилари томонидан давлат харидини амалга ошириш жараёнида юқорида қайд қилинган қонунчилик талаблари тизимли равишда бузилишига йўл қўйилиб келинмоқда. Жумладан:
- Навоий иссиқлик электр станцияси АЖ томонидан “etender.uz” электрон махсус порталига 4,9 млрд сўмлик станция ичида янги ўтказиш пункти биносини қуриш юзасидан ўтказилган давлат харидида;
- Фарғона туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси буюртмачилигида 1,6 млрд сўмлик корхонага қарашли 476-йўл бўлими биносини қуриш юзасидан ўтказилган давлат харидида;
Бундан ташқари, Каттақўрғон тумани Тиббиёт бирлашмаси томонидан “etender.uz” электрон махсус порталига 228,0 млн сўмлик озиқ-овқат ва иссиқ овқатлар билан таъминлаш юзасидан ўтказилган танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги 16-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасидаги ташкилотларда аутсорсинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисидаги” Низом талаблари қўпол равишда бузилганлиги аниқланди.
Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан буюртмачиларга тегишли тақдимномалар киритилиб, ушбу эълонлар бекор қилиниши таъминланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати