Маълумки, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, очиқлик соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, очиқ маълумотлар рўйхатини узлуксиз тўлдириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, давлат хизматчиларида халқ олдида ҳисобдорлик маданиятини сингдириш каби муҳим вазифаларни амалга ошириб келмоқда.
Мазкур Фармон билан тасдиқланган Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг ўз вақтида ва тўлиқ эълон қилиб борилишини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан барча ҳудудларда “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш” мавзусида семинар ўтказилмоқда.
Шу кунга қадар бу каби семинарлар Фарғона, Сирдарё ҳамда Тошкент вилоятларида ўтказилди. Бугун, 2 март куни Тошкент шаҳри ҳокимлигида барча туман ва шаҳар мутасаддилари иштирокида навбатдаги семинар бўлиб ўтмоқда.
Семинарларда Агентлик масъул ходимлари Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси вакиллари билан биргаликда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари ҳамда Кенгашлари ҳузурида ташкил этилган Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссиялари аъзолари, коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси ходимлари иштирок этмоқда.
Таъкидланганидек, Фармонга мувофиқ, Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш, доимий мониторинг қилиш, шу жумладан, уларнинг қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланган маълумотларни Интернет тармоғига жойлаштириш мажбуриятларига тўлиқ риоя этилиши ҳолати жойига чиқиш ва масофавий мониторинг тартибида мунтазам ўрганилмоқда.
Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, очиқликни таъминлаш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли ижро этилишида хато ва камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Шу боис семинарда Фармон билан тасдиқланган Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатида кўрсатилган ахборотлар тўпламининг жойлаштириб борилиши, шунингдек, очиқ ахборот тури, жойлаштириладиган ресурси, тақдим этиш ва янгилаш муддати ҳамда уларни жойлаштириш тартиби масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Фармон талабларидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳрида давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари, очиқ маълумотлар порталида ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг жойлаштирилиши бўйича учраётган нуқсонлар, сусткашликлар атрофлича таҳлил қилинди.
Шунингдек, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг очиқлигини таъминлашда юзага келаётган муаммолар муҳокама этилиб, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
“Давлат органлари ва ташкилотлари очиқлигини таъминлаш” мавзусидаги семинар март-апрель ойлари мобайнида республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилиши режалаштирилган.
Мазкур тадбир тафсилотлари билан Агентликнинг расмий саҳифалари орқали таништириб борамиз.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати