Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан соғлиқни сақлаш тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасининг самарали ижросини таъминлаш мақсадида Шофиркон тумани Тиббиёт бирлашмасида бюджет маблағларидан фойдаланилиш, қонун ҳужжатларига риоя этилиши ва тизимда юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш масалалари бўйича ўрганиш ўтказилди.
Хусусан, тиббиёт бирлашмасида коррупцияни келтириб чиқараётган омиллар, унга сабаб бўлаётган шарт-шароитлар, мансабдор шахслар фаолияти, коррупцияга қарши курашиш бўйича кўрилган чоралар, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда давлат харидларини амалга оширишда қонунчиликка риоя қилиниши таҳлил қилинди.
Агентлик томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ва прокуратура идоралари томонидан қўшимча ўтказилган ўрганишда Бирлашма мансабдор шахслари томонидан бюджет маблағларининг мақсадсиз сарф қилиниши, ўзлаштириш ва талон-торож қилиш ҳолатлари, аслида ишламаган ходимлар учун ойлик иш ҳақлари тўлаб келиниши, тиббиёт техникаларини сотиб олиш, пуллик тиббий хизмат кўрсатишдан тушган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши, шунингдек, давлат харидлари амалга оширилишида бир қатор қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.
Ўрганиш якуни бўйича Бирлашма фаолиятида жами 1 млрд. 273,5 млн. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган бўлиб, шундан ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар учун 890.5 млн. сўм ҳисоблаб сарфланганлиги натижасида жуда кўп миқдорда смета-штат интизоми бузилган. Бундан ташқари, 383.0 млн. сўмлик бюджет маблағлари турли хил ноқонуний йўллар, жумладан, тиббий ускуналарни қиммат нархларда харид қилиш орқали кўп миқдордаги бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилинганлиги маълум бўлди.
Шунга мувофиқ, ўтказилган текширувлар асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Бухоро вилояти Шофиркон туман бўлими томонидан Шофиркон тумани Тиббиёт бирлашмаси мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми, 184-1, 205 ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати