Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан маҳаллий ҳокимликларда коррупцияни келтириб чиқараётган омиллар, унга сабаб бўлаётган шарт-шароитлар, мансабдор шахслар фаолияти, коррупцияга қарши курашиш бўйича кўрилган чоралар, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳамда давлат харидларини амалга оширишда қонунчиликка риоя қилиниши бўйича доимий ўрганишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 апрелдаги “Навоий вилоятининг олис чўл туманларида аҳолини турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2925-сонли қарори талабларининг ижроси бўйича вилоятнинг Учқудуқ туманида ўрганиш ўтказилди.
Маълумки, мазкур Қарорда олис чўл ҳудудида камида уч йилдан ортиқ яшаган шахслар олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида қабул қилиниши белгиланган.
Ўрганишлар мобайнида эса Учқудуқ туман ҳокимининг собиқ ўринбосари ва бошқалар чўл ҳудудида жойлашган “Йўлчилар”, “Кўкпатас” ва “Кўкаяз” МФЙларида уч йил давомида яшамаган 33 нафар шахсга уларнинг ушбу муддатда қайд этилган маҳаллаларда яшаганлиги тўғрисида сохта далолатномалар расмийлаштириб бериб, шундан 25 нафарини олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга киришига сабабчи бўлганлиги аниқланди.
Натижада давлат ва фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонун билан қўриқланадиган манфаатларига жиддий зиён етказилган. Шунингдек, ушбу талабаларнинг грант асосида ўқиши учун амалда 650 млн. сўм бюджет маблағларининг сарфланишига сабабчи бўлиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилган.
Агентлик томонидан мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳамда прокуратура идоралари ўтказган қўшимча ўрганишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураcи томонидан Учқудуқ туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан билан жиноят иши қўзғатилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати