Жорий йилнинг 11 март куни Агентлик раҳбарияти, Швейцариянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва БМТ Тараққиёт дастури вакиллари ўртасида уч томонлама учрашув ташкил этилди.
Учрашувни ташкиллаштиришдан асосий мақсад келгусидаги ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, Швейцария ҳукумати ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида Ўзбекистонга коррупцияга қарши курашиш соҳасида техник ёрдам кўрсатиш, шунингдек, соҳага оид Швейцария тажрибасини ўрганиш масалаларни муҳокама қилиш бўлди.
Учрашувни Агентлик директори очиб, хорижий ҳамкорларга Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва сўнгги ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, учрашув давомида Швейцариянинг Марказий Осиё учун 2022-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида ўзаро алоқаларни ривожлантириш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Хусусан, иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш, давлат улуши бўлган корхоналарда комплаенс-назорат тизимини жорий этишни давом эттириш ҳамда бизнесда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ушбу йўналишларда ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати