Жорий йилнинг 10 март куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Агентлик раҳбарияти, масъул тармоқлар бошлиқлари ва жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этди.
Йиғилишда дастлаб Агентлик директори Акмал Бурханов Агентликнинг 2021 йилдаги фаолияти натижалари хусусида кенгаш аъзоларига ахборот берди.
Таъкидланганидек, Агентлик томонидан коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, коррупцияни аниқлаш ва келтириб чиқараётган сабабларни бартараф этиш, “Коррупциясиз соҳа”, “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаларини амалга ошириш, давлат идораларининг очиқлигини таъминлаш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби йўналишларда фаолият олиб борилди.
Шундан сўнг жамоатчилик кенгашининг 2022 йилдаги фаолият йўналишлари акс этган иш режа лойиҳаси муҳокама этилди.
Иш режа лойиҳасидан ўрин олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга таклифлар тайёрлаш, давлат идораларининг очиқ маълумотларни жойлаб бориши устидан мониторинг олиб бориш, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаларини амалга оширилиши бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш каби вазифалар кенгаш аъзоларининг ушбу жараёнга янада фаолроқ жалб этилишига хизмат қилиши қайд этилди.
Шу билан бирга кенгаш аъзолари иш режани такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини билдиришди.
Йиғилиш якунида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати