Аввал хабар берганимиздек, Агентлик томонидан республикамиз ҳудудларида “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш” мавзусида семинарлар ўтказиб келинмоқда.
Мазкур семинар мамлакат Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг ўз вақтида ва тўлиқ эълон қилиб борилишини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Шу кунга қадар ўқув семинарлари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги масъул ходимлари иштирокида Тошкент шаҳри, Фарғона, Сирдарё, Жиззах ҳамда Тошкент вилоятларида ўтказилди.
Навбатдаги семинарлар куни-кеча Навоий ва Қашқадарё, бугун эса Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси вакиллари, шунингдек, маҳаллий депутатлар ҳамда Кенгашлар ҳузурида ташкил этилган Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари ҳамда фаолият очиқлигини таъминлаш учун масъул бўлган мутахассислар иштирок этди.
Семинарда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни ҳамда мамлакатимиз Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, очиқликни таъминлаш соҳасида Агентлик олиб борилаётган ўрганишлар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мазкур Фармон талабларини тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли ижро этилишида қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилаётганини кўрсатмоқда.
Жумладан, Агентлик томонидан 2021 йил 1 декабрдан 2022 йил 10 январга қадар бўлган даврда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларининг тўғридан-тўғри жонли эфирга узатилиши ҳолати бўйича ўтказилган мониторингда энг қониқарсиз кўрсаткич Бухоро вилоятида қайд этилган, хусусан, вилоятда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари томонидан ўтказилган жами сессияларнинг 81 фоизи жонли трансляция қилинмаган.
Бундан ташқари, ўтказилган масофавий мониторинг натижаларига кўра, Бухоро вилоятида мавжуд 11 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 10 таси Интернет тармоғида расмий веб-сайт ташкил этилган. Бироқ уларда Фармонда белгиланган очиқ маълумотлар умуман жойлаштирилмаган.
Навоий вилоятида эса жами 11 та туман ва шаҳар ҳокимликларидан атига 2 таси Интернет тармоғида расмий веб-сайтига эга, ушбу сайтларда ҳам Фармон билан тасдиқланган очиқ маълумотлар мавжуд эмас. Қолган 9 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг “uz” домени билан очилган расмий веб-сайти ўрганиш куни (09.03.2022 й.) ҳолатига ишчи ҳолатида эмаслиги маълум бўлди.
Шу боис семинарда Агентлик масъул ходимлари иштирокчилар эътиборини Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатида кўрсатилган ахборотлар тўпламининг жойлаштириб борилиши, шунингдек, очиқ ахборот тури, жойлаштириладиган ресурси, тақдим этиш ва янгилаш муддати ҳамда уларни жойлаштириш тартиби каби муҳим масалаларга қаратди.
Мулоқотлар давомида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда юзага келаётган муаммолар ҳам муҳокама этилиб, уларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати