Жорий йилнинг 15 март куни Агентлик ва Жаҳон банки вакиллари ўртасида ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш мақсадида учрашув ташкил этилди.
Маълумот учун: Жаҳон банки вице-президенти Анна Бьерденинг 2021 йил 14-19 май кунлари Ўзбекистонга ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида тасдиқланган «Йўл харитаси»га биноан Агентликка Жаҳон банки ҳамкорлигида Коррупцияга қарши курашишнинг институционал салоҳиятини кучайтириш вазифаси белгиланган.
Тадбирда Агентлик томонидан масъул тармоқ вакиллари, Жаҳон банки томонидан эса банкнинг молиявий менежмент бўйича катта мутахассиси Элбек Юсупов, Лаура Поп ва Даниела Фелкманлар иштирок этди.
Учрашув давомида коррупцион хавф-хатарларни аниқлаш, декларациялаш, жамоатчилик билан ишлаш ҳамда божхона соҳасида комплаенс тизимини ва ўқув курсларини жорий этиш каби йўналишларда Агентликка экспертлик кўмак кўрсатиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик доирасида аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқишга ва экспертлик кўмагини тез фурсатларда ишга туширишга келишиб олдилар.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати