Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги ПФ-6110-сон Фармоннинг 11-банди мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш белгиланган.
Мазкур лойиҳа доирасида Агентлик вазирлик билан биргаликда даволаш профилактика муассасаларида бепул ва пуллик тиббий хизмат кўрсатилиши, тиббиёт муассасаларининг жорий ҳолати, дори воситалари ва тиббий анжомлар билан таъминланганлиги каби қатор масалалар юзасидан жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари ташкил этиб келмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида тизимда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасининг ижроси Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида кадрлар сиёсатининг қанчалик тўғри ташкил этилганлиги билан боғлиқ ҳолда ўрганилди ва ушбу йўналишда қуйидаги муаммо ва камчиликлар аниқланди:
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг таркибидаги муассасаларда жами 40,163 нафар тиббиёт ходими фаолият юритаётган бўлиб, ундан 2020-2021 йилларда 1 984 нафар соҳа ходимига нисбатан турли шаклдаги қонунбузилиши ва коррупциявий ҳолатлар юзасидан хизмат текширувлари ўтказилган.
Шунингдек, касбий вазифаларини лозим даражада бажармаган ва сусткашликка йўл қўйган 2 575 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. Шу муддат оралиғида 2 651 нафар тиббиёт ходимлари интизомий жавобгарликка тортилган.
Таҳлилларга кўра, вилоят соғлиқни сақлаш тизимида кадрлар сиёсатининг тўғри ташкил этилмаганлиги, бунда ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш ва ротация қилиш жараёнида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишга қаратилган аниқ меъёрларнинг жорий этилмаганлиги коррупцион ҳолатларни вужудга келтирувчи асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Жумладан, вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги кадрларнинг ишлаш давомийлиги ўрганилганда 39 та тиббиёт муассасасидаги кадрлар бўлимига масъул шахсларнинг 22 нафари (67 %) лавозимга тайинланганлигига 6 йилдан ошган бўлиб, шундан 7 нафари 25-27 йил, 4 нафари 10-20 йил, 11 нафари эса 5-10 йилдан буён айни бир раҳбарлик лавозимида ишлаб келмоқда.
Бундай ҳолатни вилоят тиббиёт муассасалари бошлиқлари кесимида ҳам кўриш мумкин. Яъни, улардан 4 нафари 10-20 йилгача бўлган муддатда, 3 нафари 10 йилдан буён фаолият кўрсатмоқда.
Вилоятда тиббиёт муассасалари ходимлари томонидан 2020 йилда 12 та, 2021 йилда 16 та ҳолатда пора эвазига ишга қўйиш учун таъмагирлик жиноятлари содир этилган.
Масалан, Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмасида кадрлар бўлими мансабдори 1998 йилдан (23 йилдан) буён ишлаб келаётган бўлиб, ушбу мансабдор томондан 2020 ва 2021 йилларда бирлашмада таъмагирлик эвазига ишга жойлаштириш билан боғлиқ 2 та жиноят содир этилган.
Ёки Вилоят тери таносил касалликлари диспансерида кадрлар бўлими бошлиғи 1994 йилдан (27 йилдан) бери ишлаб келаётган бўлиб, ушбу муассасада ҳам таъмагирлик эвазига ишга жойлаштириш билан боғлиқ 2 та жиноят содир этилган.
Тизимда ўрта махсус маълумотли кадрларнинг мақсадли тайёрлаш тизими тўғри прогнозлаштирилмагани вилоятда ходимларни ишга қабул қилиниши мавжуд штат бирликларига нисбатан номутаносиб тарзда шаклланишига олиб келган. Вилоятда биргина 2020 йилда тиббиёт техникумларини 1 391 нафар ўқувчи битирган бўлиб, уларнинг атиги 194 нафари (14%) тиббиёт муассасаларига ишга жойлашган.
Кадрлар сиёсатида коррупиявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи омиллардан яна бири аксарият тиббиёт муассасаларида меҳнат қонучилиги талабларига зид равишда яқин қариндош-уруғларнинг ўзаро бўйсунув асосида хизмат қилиб келаётганлигидир. Жумладан, 493 та ҳолатда тиббиёт муассасада ўзаро қариндошлар фаолият юритаётган бўлса, шундан 214 та ҳолатда муассаса раҳбариятига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қилаётганлиги маълум бўлди.
Мисол учун, вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансерида 18 нафар ўзаро қариндошлар биргаликда ишлаб келмоқда. Бу каби ҳолатлар деярли барча тиббиёт муассасаларида кузатилмоқда.
Юзага келаётган коррупцион ҳолатлар тиббиёт муассасаларида бўш иш ўринлари (вакансия)ни очиқламаслик, улар тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида кенг жамоатчиликка етказмаслик билан ҳам боғлиқдир.
Жумладан, 2020-2021 йилларда тизимда бўш иш ўринларини яшириш билан боғлиқ 33 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Биргина ўтган йилда тиббиёт муассасаларида ишга олиш билан боғиқ 13 та жиноят содир қилинган. Таҳлил қилинганда 7 та ҳолатда муассасада аслида бўш иш ўринлари мавжуд бўлган.
Бухоро шаҳридаги 3-сонли поликлиника кадрлар бўйича катта инспектори лавозимида фаолият юритган ходим 2021 йил октябрь ойида фуқарони ҳамшира вазифасига ишга қабул қилиш эвазига 600 АҚШ доллари пора олган вақтда ушланган. Ваҳоланки, жиноят содир бўлган пайтда ушбу муассасада 2 нафар ўрта тиббий ходим туғруқ ва бола парваришлаш таътилига чиқаётганлиги ҳисобига бўш иш ўрни бўлган.
Айтиш лозимки, соғлиқни сақлаш соҳасида юзага келатёган бу каби тизимли муаммолар нафақат биргина вилоят, балки айнан республика миқёсида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни юзага келтирувчи асосий омиллар сифатида сақланиб қолмоқда.
Шунга мувофиқ, соғлиқни сақлаш тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида қуйидагилар таклиф этилади:
1. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида тизимдаги барча муассасалар кесимида бўш иш ўринлари ҳақида маълумотларни акс эттирувчи алоҳида бўлим очиш ва ҳар ой якуни бўйича бу ҳақдаги маълумотларни киритиб бориш;
Бўш иш ўрнини қидираётган фуқаро буни реал вақт режимида амалга оширишини инобатга олиб, қайд этилган таклифни онлайн киритиб бориш тартибини жорий этиш;
2. Тиббиёт муассасаларига ишга қабул қилиш жараёнидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва ходимларни ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатишни назарда тутувчи тартиб жорий этишга оид аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш;
3. Соғлиқни сақлаш соҳасида коррупция хавф-хатари юқори бўлган йўналишларни аниқлаш мақсадида республика ва ҳудудий тиббиёт муассасалари кесимида илмий тадқиқотлар ўтказиш;
Тадқиқот натижалари асосида коррупция хавфи юқори бўлган
соҳа, вазифа ва лавозимлар рўйхатини шакллантириш ҳамда коррупцияга қарши идоравий чора-тадбирларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаш;
4. Соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт муассасалари фаолиятига замонавий бошқарув менежмент тизимини жорий этиш;
Бунда вазирлик тизимидаги тиббиёт муассасалари биринчи раҳбарлиги учун “Бош менеджер” лавозимини босқичма-босқич жорий этиш ва ушбу лавозимга асосий фаолияти профессионал бошқарув бўлган кадрларни жалб этиш, шунингдек, Бош шифокор лавозимини ҳам сақлаб қолган ҳолда
“Бош менеджер ўринбосари-даволаш ишлари бўйича бош шифокор” лавозимини жорий этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;
5. Соҳада электрон тиббий хизмат кўрсатишни бирламчи вазифа деб белгилаш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг барча босқичида инсон омилини қисқартириш, электрон кўрсатиладиган хизматлар сонини кўпайтириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш;
6. Тиббиёт соҳасида бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши, ўзлаштирилиши ёки талон-торож этилишига нисбатан кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида барча тиббиёт муассасаларини молиялаштиришда аҳоли жон бошига молиялаштириш тизимини жорий этиш.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати