Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сон Фармони билан белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, судлар томонидан коррупцион жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш амалиёти ўрганилиб, таҳлил қилинди.
Маълумот учун: муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш бу — жиноят содир этишда айбли деб топилган шахснинг маълум вақт давомида у ёки бу лавозимда ишлашини таъқиқлашдан иборат бўлган жиноий-ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади.
Қайд этиш лозимки, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш шу шахс томонидан (шунингдек, бошқа шахслар томонидан) бу каби жиноятлар содир этилишининг олдини олишда самарали воситалардан биридир.
Таҳлилларга кўра, судлар томонидан коррупцион (Жиноят кодексининг 167-моддаси, 168-моддаси 3-қисми, 205-214-моддалари билан боғлиқ) жиноятлар бўйича 2019 йилда 5 565 нафар шахсга нисбатан 3 576 та, 2020 йилда 4 159 нафар шахсга нисбатан 2 834 та, 2021 йилнинг 9 ойида эса 6 197 нафар шахсга нисбатан 3 722 та жиноят ишлари кўрилган.
Бироқ, 2019 йилда кўрилган ишлар бўйича айблов ҳукми чиқарилган 4 741 нафар шахсдан 2 574 нафари (ёки 54 фоизи)га, 2020 йилда 3 394 нафар шахсдан 1 740 нафари (ёки 51 фоизи)га, 2021 йилнинг 9 ойида 4 572 нафар шахсдан 2 131 нафари (ёки 47 фоизи)га нисбатан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.
Яъни, коррупцион жиноятлар содир этганлиги учун судланган шахсларга нисбатан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш амалиёти йилдан-йилга камайиб борган.
Коррупцион жиноятлар содир этиб, Жиноят кодексининг 70, 71-моддаларига асосан жазодан озод қилинган шахслар 2019 йилда 386 нафарни, 2020 йилда 362 нафарни, 2021 йилнинг 9 ойида эса 492 нафарни ташкил этган.
Таҳлиллар натижасидан маълум бўлдики, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш амалиёти камайиб бораётганлиги коррупцион жиноятлар сони ортиб боришининг сабабларидан бири бўлмоқда.
Шу боис Агентлик томонидан мазкур соҳада қонунчиликни такомиллаштириш ва коррупцион жиноятларни камайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш ҳақида таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати