Жорий йилнинг 7 апрель куни Агентлик раҳбарияти Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистон бўйича миссияси раҳбари Р.Роден бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Маълумот учун: Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВЖ) 190 мамлакатни ўз ичига олган ташкилот бўлиб, глобал валюта ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, молиявий барқарорликни таъминлаш, халқаро савдони такомиллаштириш, бандлик ва барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси ХВЖга 1992 йил 21 сентябрда аъзо бўлган.
Учрашувни Агентлик директори А.Бурханов очиб бериб, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги сўнгги ислоҳотлар, шу жумладан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги” Қонунга киритилган ўзгаришлар ва Агентликка юклатилган қўшимча ваколатлар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури доирасидаги вазифа ва функциялар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан коррупцияга қарши курашиш сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган қатор мақсад ва вазифалар таништириб ўтилди.
Шунингдек, давлат харидлари соҳасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, Агентлик томонидан қурилиш, банк ва соғлиқни сақлаш соҳаларида “Коррупциясиз соҳа”, “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаларининг амалга оширилиши ҳамда давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилишининг ҳолати юзасидан маълумот берилди.
Ўз ўрнида, халқаро ташкилот вакиллари томонидан мамлакатда коррупцияга қарши курашиш сиёсатининг шаклланиши ҳамда бу борада қўлланилаётган кескин чора-тадбирлар ва ўзгаришларга юқори баҳо берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати