Жорий йилнинг 20 апрелидан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов бошчилигидаги делегациянинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи бошланди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад - АҚШнинг коррупцияга қарши курашувчи идоралари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда келгусидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишдан иборат.
Ташрифнинг дастлабки куни делегация аъзолари Массачусетс штати McDermott Will & Emery юридик фирмаси ҳамкори Роберт Корди ҳамда АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида коррупцияга оид жиноятлар тергови жараёнларини назорат қилиш бўйича тажрибага эга бўлган мутахассислар - Сара Уолтерс ва Марк Шрейбер билан учрашди.
Айтиш жоизки, McDermott Will & Emery Қўшма Штатлардаги ва бутун дунё бўйлаб кўп қиррали бизнес амалиётига эга энг йирик халқаро юридик фирмалардан бири бўлиб, унинг адвокатлари давлат ва хусусий сектор, саноат ва молиявий бизнеснинг кенг доираси манфаатларини ифодалайди.
Маълумот учун: Р.Корди 16 йил давомида Массачусетс Олий суди судьяси сифатида фаолият юритган. У, шунингдек, Массачусетс жамоат ҳимоячилари идорасида, кейинчалик Массачусетс даромадлар департаментида, Массачусетс ахлоқ комиссиясида ҳамда АҚШ прокуратурасида юқори лавозимларни эгаллаган ва бир муддат Коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи бўлган.
С.Уолтерснинг прокурор сифатидаги фаолияти турли молиявий жиноятларни, жумладан, хорижий коррупция амалиётлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, бозорни манипуляция қилиш, инвестиция маслаҳатчиларининг фирибгарлиги, солиқ тўлашдан бўйин товлаш каби кенг кўламли молиявий жиноятларни қамраб олган.
М.Шрейбер фаолияти давлат мансабдор шахсларининг мураккаб жиноий ишлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг соғлиқни сақлаш, қимматли қоғозлар ва солиққа оид фирибгарлик, шунингдек, давлат харидлари билан боғлиқ юзага келадиган муаммоларни тергов қилиш ва судда кўриш бўйича юқори салоҳият ва бой тажрибага эга.
Учрашувда мезбонлар томонидан коррупцияга оид ишларни кўриб чиқишнинг хусусиятлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва коррупцияга оид тергов ишларини назорат қилиш хусусида фойдали маълумотлар берилди.
Шунингдек, мулоқот давомида томонлар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар сонини камайтиришга қаратилган профилактик чора-тадбирлар сифатида эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, коррупцияга қарши курашда давлат томонидан амалга оширилаётган самарали чоралар, шунингдек, коррупциянинг олдини олишда замонавий ахборот технологияларининг ўрни юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Ташриф тафсилотлари юзасидан батафсил маълумотлар бериб борилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати