Коррупцияга қарши курашиш агентлигида давлат харидларини ташкил этишда коррупцион хавф-хатарларни аниқлаш ва уларнинг барвақт олдини олиш мақсадида Молия вазирлиги, Ўзбекистон Товар-хом ашё биржаси ва “ХТ-Харид Технологиялари” қўшма корхонаси (махсус ахборот портали операторлари) масъул ходимлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда давлат харидлари соҳасида жамоатчилик назоратини кучайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Шунингдек, тизимда мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Таъкидланишича, ҳозирда харид ҳужжатларида иштирокчиларга қўйилган квалификация ва техник талабларни битта етказиб берувчига мослаштириш ҳолатларининг олдини олиш лозим.
Буюртмачи, тендер комиссияси аъзолари ва иштирокчиларнинг ўзаро аффилланганлигини аниқлаш, шартномалар бажарилишини мониторинг қилиш ҳамда давлат харидлари электрон тизимида товарлар нархлари бўйича таҳлилий маълумотларни юритиш ҳам муҳим саналади.
Шунингдек, давлат харидлари тизимида коррупцион хавф-хатарларнинг олдини олиш учун иштирокчилар рейтингини юритиш механизмларини жорий этиш зарурлиги қайд этилди.
Мулоқот давомида электрон харидларни амалга оширишда буюртмачиларнинг билим ва малакасини ошириш масаласи ҳам муҳокама этилди.
Йиғилиш якунида мавжуд муаммоларни қисқа фурсатларда бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати