Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори бошчилигидаги делегация “The Boston Globe” нашри муҳаррири Рейчел Коен билан учрашди.
Маълумки, “The Boston Globe” нашри ўз саҳифаларида коррупция ҳолатлари бўйича мақолалар чоп этади, айни йўналишда журналистик суриштирувлар ўтказади, шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ва коррупция фактларини ошкор қилиш тўғрисидаги муҳим маълумотларни эълон қилиб боради.
Мазкур учрашувдан кўзланган асосий мақсад коррупциянинг олдини олиш, уни фош этишда матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг ролини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Делегация аъзолари ушбу нуфузли нашрнинг коррупцияга қарши курашиш масалаларини кенг ёритиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасидаги фаол тажрибаси билан яқиндан танишдилар.
Мулоқот мобайнида очиқлик ва шаффофлик, фаол жамоатчилик назорати коррупциянинг олдини олишда энг самарали воситаларидан бири экани қайд этилди. Хусусан, америкалик журналистлар томонидан ўз тажрибалари мисолида давлат амалдорлари билан ишлаш, коррупцияга қарши курашиш йўналишида журналистик суриштирув олиб бориш ва бу жараёнда фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳамкорлик масалалари хусусида батафсил маълумот берилди.
Ўз навбатида, делегация аъзолари мамлакатимизда коррупция фактларини фош этишда матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни, давлат органлари фаолиятининг жамоатчилик олдида ошкоралигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтдилар.
Жумладан, Ўзбекистонда давлат бошқарувига очиқликни жорий этиш, хусусан, ахборотдан умумфойдаланиш учун Интернет тармоғига жойлаштириш, маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш каби масалалар Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятида устувор аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Мулоқот якунида журналистларнинг малакасини ошириш, уларнинг коррупция ҳолатларини ёритишдаги фаоллиги ҳамда салоҳиятини кучайтириш, журналистик суриштирувларни ўтказиш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама этилиб, бу борада АҚШ вакиллари томонидан Ўзбекистонда махсус ўқув семинарларини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати