Жорий йилнинг 26 апрель куни Агентлик раҳбарияти Европа Иттифоқи делегацияси вакиллари Франсуа Бежо, Алессандро Лиамине ҳамда Зофия Люткевични қабул қилди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда коррупцияга қарши муҳитни мустаҳкамлашга кўмаклашиш” лойиҳасини атрофлича муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Мулоқот давомида коррупцияга қарши курашишда Агентлик томонидан амалга оширилиши режалаштирилаётган ва амалга оширилаётган лойиҳаларда миллий ва халқаро ҳамкорларнинг методик, техник ва экспертлик кўмаги муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Шунга кўра, томонлар мазкур лойиҳа доирасида амалга ошириладиган мақсад ва вазифалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Хусусан, Ўзбекистоннинг коррупцияга қарши курашиш тизимини ва коррупцияга қарши курашиш органларининг институционал салоҳиятини такомиллаштириш, Агентликнинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар соҳасида салоҳиятини кучайтириш бўйича аниқ таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.
Шунингдек, учрашувда Агентлик томонидан Виртуал Академияни ташкил этишда техник кўмак кўрсатиш, Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш Минтақавий марказ (Хаб) фаолиятини йўлга қўйишда яқиндан ҳамкорлик қилиш таклифлари илгари сурилди.
Мулоқотлар мобайнида Европа Иттифоқи делегацияси вакиллари томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга оширишда ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларида ҳам амалий ёрдам кўрсатилиши маълум қилинди.
Учрашув сўнггида томонлар ўзаро самарали ҳамкорликни давом эттиришга умид билдирдилар.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати