Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт Дастури экспертлари ҳамкорлигида Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси асосида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий стратегиянинг янги лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Маълумот учун: 2021 йилда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021 — 2025 йилларга мўлжалланган миллий стратегия лойиҳаси ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳадаги асосий йўналишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги Фармони билан қабул қилинган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастурида ўз аксини топган.
Лойиҳада коррупцияга қарши курашиш бўйича узоқ муддатли сиёсат, асосий соҳа ва йўналишлар, мониторинг механизмлари ва кутилаётган натижаларни ҳар томонлама қамраб олиш мақсадида фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ вакилларини жалб этган ҳолда муҳокамалар ўтказиш кўзда тутилган.
Айни шу мақсадга қаратилган мулоқотларнинг дастлабкиси бугун, жорий йилнинг 27 апрель куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Олий суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, коррупция хавфи юқори бўлган идоралар вакиллари ҳамда БМТнинг Тараққиёт Дастури экспертлари иштирокида бўлиб ўтди.
Йиғилишда Миллий стратегия коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги асосий устувор вазифаларни белгилаб берувчи, бу борадаги ҳаракатларни бирлаштирувчи ва мувофиқлаштирувчи ҳужжат ҳисобланиши алоҳида таъкидланди.
Шунга кўра, иштирокчилар унда қамраб олиниши лозим бўлган бир қатор муҳим масалалар, жумладан, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича мамлакатдаги жорий ҳолат, яқин ва ўрта истиқболдаги асосий устувор вазифалар, давлат сиёсатининг келгусидаги асосий йўналишлари, муаммоли муносабатлар ва бу борада қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Миллий стратегия лойиҳаси юзасидан навбатдаги муҳокамалар жорий йилнинг 28 апрель куни академик доира вакиллари, нодавлат ташкилотлар ҳамда журналист ва блогерлар иштирокида ўтказилиши режалаштирилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати