АҚШда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси жорий йилнинг 26 апрель куни АҚШ Давлат Департаменти Халқаро наркотик моддалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ишлари бюроси (INL) вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Маълумот учун: Халқаро гиёҳванд моддалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ишлари бюроси (INL) мамлакатларга ёрдам кўрсатиш учун жойларда ҳукуматлар ва фуқароларнинг жамиятда очиқлик, масъулият ва ҳалолликни оширишга кўмаклашиш, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича иш олиб боради.
Тадбирда Ўзбекистон томонидан икки томонлама ҳамкорлик динамикаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ўзаро ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Жумладан, Агентлик ходимлари ва давлат хизматчиларининг малакаси ва салоҳиятини ошириш мақсадида коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ўқув курслари, тренингларни ташкил этиш ҳамда доимий эксперт ёрдами кўрсатиш, қўшма тадбирлар ва лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Агентлик ва Халқаро наркотик моддалар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ишлари бюроси ўртасида Қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга келишилди.
Шу куни делегация аъзолари Давлат департаментининг Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси вакиллари билан ҳам учрашди.
Маълумот учун: АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши тўғрисидаги ҳисоботини эълон қилган бўлиб, Демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат бюроси ушбу ҳисоботни тайёрлашга масъул тузилма ҳисобланади.
Жумладан, ҳисоботда мамлакатимизда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Коррупцияга қарши кураш бўйича Миллий кенгашнинг ташкил этилиши, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотлар натижасида турли бюрократик тўсиқлар ва майда коррупция даражасини пасайтиришга муваффақ бўлингани қайд этилган.
Шунингдек, 2021 йилда ҳукумат собиқ коррупционерларнинг давлат органларига қайта ишга киришига йўл қўймаслик мақсадида коррупция жиноятларини содир этган шахслар электрон реестрини яратишга киришгани таъкидланган.
Тадбирда икки томон вакиллари коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш ҳамда соҳани янада ислоҳ қилиш юзасидан ўзаро фикр алмашишди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати