Хабарингиз бор, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан жойларда “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш” мавзусида семинар ўтказиб келинмоқда.
Ушбу тадбир орқали давлатимиз раҳбарининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6247-сон Фармони ижросини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш мақсад қилинган.
Мазкур мавзудаги семинар жорий йилнинг 28 апрель куни Андижон вилояти, бугун эса Наманган вилояти ҳокимлигида фаолият очиқлигини таъминлаш учун масъул бўлган мутахассислари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари иштирокида ташкил этилди.
Семинарда Фармон талабларидан келиб чиқиб, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг расмий веб-сайтлари, Очиқ маълумотлар порталида ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг жойлаштирилишида учраётган нуқсонлар, сусткашликлар атрофлича таҳлил қилинди.
Ўрганишларга кўра, Андижон вилоятида давлат харидлари, хизмат сафарлари, хизмат автотраспорт ва хизмат уйлари, жамоатчилик кенгаши аъзолари фаолияти ва шу каби бошқа ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг расмий веб-сайтларида талаб даражасида очиқланмай келмоқда.
Шунингдек, Булоқбоши, Бўстон, Шаҳрихон ва бошқа туман ҳокимликлариниг расмий веб-сайтлари ишчи ҳолатда эмас.
Наманган вилоятида ҳам Очиқ маълумотлар портали ҳамда вилоят ҳокимлиги сайтида маҳаллий бюджет ижроси, давлат харидлари, хизмат сафарлари, хизмат автотраспорт ва хизмат уйлари, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари ва мурожаат каналлари каби ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар 2022 йил I-чораги ҳанузгача жойлаштирилмаган.
Семинарда шу каби хато ва камчиликлар муҳокама қилиниб, Агентлик ходимлари томонидан очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш, маълумотларни белгиланган ресурсларда ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли жойлаштириш бўйича иштирокчиларга тушунтириш берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати