Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2022 йил март ойида давлат буюртмачиларининг давлат харидлари махсус ахборот порталида ўтказилган харидлар таҳлил қилинди.
Аниқланишича, жорий йилнинг март ойи давомида қиймати 2 972,2 млрд. сўмлик 71 490 та давлат харидлари амалга оширилган бўлиб, шундан 2 462,2 млрд. сўмлик 33 834 та харидлар электрон дўкон, 251,3 млрд. сўмлик 33 319 та тўғридан-тўғри, 44,9 млрд. сўмлик 3162 та энг яхши таклифни танлаш, 213,8 млрд. сўмлик 1175 та харидлар аукцион шаклида ўтказилган.
Агентлик томонидан 2022 йил апрель ойида ўтказилган масофавий мониторинг давомида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилганлиги аниқланди.
Жумладан, ўрганиш даврида 4 та ҳолатда қиймати 2,6 млрд сўмлик харидлар бўйича бюджет буюртмачилари, 4 та ҳолатда қиймати 159,1 млрд. сўмлик харидлар бўйича корпоратив бюртмачилар томонидан “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилган бўлиб, ушбу буюртмачиларга жами 8 та тақдимнома киритилди.
Киритилган тақдимномалар асосида 3 та буюртмачи томонидан харидлар бекор қилинди ва бунинг натижасида 2,1 млрд. сўмлик ноқонуний давлат харидларининг олди олинди, ҳозирда 5 та тақдимнома буюртмачилар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Мисол учун, “O‘zsanoatqurilishbank” акциядорлик тижорат банки буюртмачи асосида “2022 йил учун хорижий газета ва журналларга обуна бўлиш” бўйича “etender.uzex.uz” махсус ахборот портали орқали ўтказилган қиймати 149 млн. сўмлик давлат хариди ўрганилган.
Ўрганишда буюртмачи томонидан “Давлат харидлари тўғрисида” Қонуни ва Адлия вазирлигидан 3016-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомда белгиланган харид комиссияси аъзолари томонидан баҳолаш мезонларига амал қилиш талаблари бузилганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича буюртмачи “O‘zsanoatqurilishbank” акциядорлик тижорат банкига 2022 йил 20 апрелда тақдимнома киритилиб, ушбу давлат хариди бекор қилинди.
Шу каби Ургут тумани Тиббиёт бирлашмаси буюртмаси асосида махсус ахборот порталига 1,37 млрд. сўмлик иссиқ овқатларни аутсорсинг хизматлари орқали етказиб бериш бўйича давлат харидлари ўрганилди.
Ўрганишда буюртмачи “Давлат харидалари тўғрисида”ги Қонуннинг 10, 14, 19 ва 42-моддалари ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг талаблари бузилган ҳолда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани, яъни ғолиб бўлган жамият комиссия аъзосига тегишли эканлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат бўйича буюртмачи Ургут тумани Тиббиёт бирлашмасига 2022 йил 19 апрелда тақдимнома киритилиб, ушбу давлат хариди бекор қилинди.
Шунингдек, комиссия аъзоси манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани ҳолати бўйича маъмурий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага юборилди.
Бундан ташқари, Агентлик сўровномасига асосан 1 та ҳолатда прокуратура органлари томонидан масъул шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати